Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда электромобил тармоғини ривожлантиришга катта қадам ташланди
23:02 / 2022-10-11

Экология ва атроф-муҳит мусаффолигини асраб-авайлаш бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бирига айланиб бормоқда. Сўнгги йилларда атмосферанинг ифлосланишида транспорт воситаларининг салмоғи ортиб бормоқда. Чунки автомашиналар сони ортмоқда, қолаверса, самолёт, тепловоз, қишлоқ хўжалик машиналари ва бошқалар жуда катта миқдорда кислородни сарфлаб, атмосферага таркибида 200 га яқин яқин заҳарли моддалар учрайдиган ҳар хил газларни чиқариб, уни ифлослайди.

Автомобиллар атмосфера ҳавосини турли заҳарли газлар билан ифлослашидан ташқари дунё аҳолисининг нафас олишига кетадиган кислороддан 3-4 марта кўп, яъни бир дона автомобиль двигатели бир йилда 20-30 кишининг йил давомида нафас оладиган кислородни сарфлайди.

Ана шундай кескин бир вазиятда электромобиллардан фойдаланишни кенгайтириш, уларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш долзарб аҳамиятга эга. Боиси электромобиллар экологияга, атмосферага зарар етказмайди. Электромобилларнинг юриш харажати оддий автомобилга нисбатан 10 баравар, табиатга зарари эса 3 баравар кам. Бундан ташқари, мутахассисларнинг фикрига кўра, электромобиллар хавфсиз ҳисобланади. Уларнинг барчасида радар, сенсор, камералар мавжуд. Оддий автомобилдан кўра камхарж, “бензини ёки мойи тугаб қолади, қиздириш керак” деган тушунчалар бўлмайди.

Маълумотларга кўра, дунёда электромобилларнинг ўртача нархи 35-40 минг долларни ташкил қилади. Кўплаб ривожланган мамлакатларда бундай транспортлардан фойдаланиш кўпайиб бормоқда. Ўзбекистонда ҳам электромобилларга талаб ортиб бораётгани қувонарли ҳол. Масалан, шу йилнинг 9 ойида электромобиллар импорти ўтган йилга нисбатан 3 бараварга ошган (1,6 минг). Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 20 та электробус ҳаракатланмоқда. Келгуси йилда пойтахтга яна 200 та, Самарқандга 100 та электробус олиб келиш режалаштирилган. Умуман, келгусида электромобилга йиллик талаб 30 мингтага етиб, 1 миллиард долларлик бозор пайдо бўлади.

Мамлакатимизнинг 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, жумладан, электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича ҳам мақсадлар белгиланган бўлиб, бу борада муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 10 октябрь куни электромобил тармоғини ривожлантириш ва хизмат кўрсатиш қамровини оширишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишар экан, бу борадаги қатор вазифаларни белгилаб берди. Хусусан, электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни бошлаш топширилди. Электромобил таннархининг 30 фоизини аккумулятор, 10 фоизини электр ўтказгичлар ташкил қилиши қайд этилган ҳолда, заминимиздаги литий, мис, графит каби хомашё захираларидан фойдаланиб, бундай қисмларни бемалол ўзимизда ишлаб чиқариш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, маҳаллий электромобил хариди учун олинган кредит фоизининг бир қисми қоплаб берилиши белгиланди. Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидан бошқа шаҳарларда ҳам электробуслар ҳаракатини йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди. Электромобилларга хизмат кўрсатиш марказлари йўқлиги, қувватлантириш станциялари етарли эмаслиги таъкидланиб, келгуси икки йилда жойларда 2 мингта қувватлаш станциялари, шу жумладан, халқаро ва магистрал йўлларда камида 500 та қувватлаш станциясини ташкил этиш вазифаси қўйилди. Бу станцияларга ер, мулк ва фойда солиғидан имтиёз қўлланилади. Тадбиркорларга қувватлаш станциялари орқали электрни эркин нархда сотиш ҳуқуқи берилади.

Статистик таҳлилларга кўра, дунёда ҳар 20 та электромобилга 1 та қувватлаш станцияси тўғри келади. Ҳозирда мамлакатимизда электр қувватлаш станциялари сони 50 тани ташкил қилиб, асосан Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида жойлашган. Бу дегани 100 дона автомобиль учун 1 дона станция тўғри келади. Ўзбекистон автомобиль бозорида электромобиллар улуши ортиши халқаро ва магистрал йўллар атрофида қувватлаш станцияларини ҳамда уларга кафолатли сервис хизмати кўрсатиш марказлари фаолияти ҳам йўлга қўйилишини талаб этади. Бу борада икки мингта қувватлаш станциялари ташкил этилиши ҳамда уларга солиқ имтиёзлари қўлланилиши алоҳида эътиборга моликдир.

— Электромобиллар ишлаб чиқариш истиқболли тармоқ ҳисобланади ва келгуси йилларда иқтисодиётнинг чинакам драйверига айланиши шубҳасиз, — дейди “Ўзавтосаноат” АЖ вакили Комилжон Тўлаганов. — Электромобилдан фойдаланиш тежамкорликни оширади ва экологик тозаликни таъминлайди. Қолаверса, электромобилдан фойдаланиш харажати оддий автомобилга нисбатан 10 бараварга, сервис харажати 30 фоизга, табиатга зарари эса 3 бараварга кам. Масалан, оддий автомобилда 100 километр учун 52 минг сўмлик бензин сарфланса, электромобилда 6 минг сўмлик электр талаб этилади.

Ўзбекистонга импорт қилинадиган электр транспорт воситалари божхона божи, акциз солиғи ва автотранспорт воситаларидан йиғиладиган тўловлардан озод қилинади. Бугунги кунда Ўзбекистон бозорида 5000 донага яқин янги энергия манбаларида харакатланувчи автомобиллар (электромобиллар ва гибрид автомобиллар) мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти Хитой Халқ Республикасидан олиб келинган.

Президент тошириғига кўра, мамлакатимизда ҳам электромобилларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ишлари амалга оширилмоқда. “Ўзавтосаноат” АЖнинг 26 йиллик тажрибасини, давлат томонидан яратилаётган шароитларни ҳисобга олса, ўзимизда электромобилларни ишлаб чиқариш учун барча имкониятлар мавжуд, электромобилларнинг бутловчи қисмларини маҳаллийлаштириш учун зарур ресурслар бор. Айни пайтда автомобилнинг асосий қисмлари бўлган батарея ва электромоторларни ўзлаштириш масаласи ўрганилмоқда. Умуман, мамлакатимизда ўзлаштирилган бутловчи буюмларни ҳам инобатга олиб, маҳаллийлаштириш даражасини босқичма-босқич 65 фоизга етказиш имконияти мавжуд.

“Ўзавтосаноат” АЖ Хитойнинг электромобиллар ишлаб чиқарувчи йирик BYD компанияси билан ҳамкорлик қилади. Компания вакиллари маҳаллий бозор салоҳиятини ўрганишмоқда. Шу билан бирга, мамлакатимиздаги тадбиркорлик субъектлари ташаббуси билан улар учун инфратузилма яратилмоқда.

Ҳозирги кунда юртимизда электромобиллар учун қувватлаш станцияларининг сони кам. Дунё тажрибасидан келиб чиқиладиган бўлса, қувватлаш станциялари сонини автотураргоҳларда, АГТКШ ва АЁҚШларда, янги қурилаётган бинолар ва умумий фойдаланиш объектларида ташкил этиш йўли билан қўпайтириш мумкин. Бундан ташқари, қувватлантириш станцияларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш йўли билан ҳам амалга оширса бўлади. Умуман, мазкур соҳада давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган масалалар бўйича акциядорлик жамиятимиз томонидан тегишли ишлар олиб борилади, — дейди Комилжон Тўлаганов.

Электромобиллар ишлаб чиқариш машинасозлик соҳасида янги иш ўринларини ва кадрлар тайёрлаш имкониятини беради. Тобора ривожланиб бораётган мазкур тармоққа ихтисослашган мутахассислар тайёрлаш муҳим масалалардан биридир. Бу соҳа учун 10 минг нафар юқори малакали мутахассислар, яъни электромобил ишлаб чиқаришда 2 минг, уларга сервис хизматларини кўрсатиш ва электр қувватлаш станцияларида 8 минг нафар мутахассис талаб этилади. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан Турин политехника университетида электромобиллар бўйича илмий лаборатория ташкил этилиши, профессор-ўқитувчи ва мутахассислар Хитой, Германия, АҚШ, Корея каби давлатларга малака оширишга юборилиши айтилди.

Эътироф этиш жоизки, бу каби саъй-ҳаракатлар юртимизда электромобил тармоғини ривожлантириш ва хизмат кўрсатиш қамровини оширишга, электромобилларни оммалаштиришга хизмат қилади. Пировардида, атмосферага автомобиллардан чиқадиган заҳарли газ миқдорининг бироз бўлса-да камайишига замин бўлади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА