Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда электр энергиясининг улгуржи рақобатбардош бозорини ривожлантириш йўлида
16:51 / 2022-10-14

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида “Электр энергияси бозорига ўтиш бўйича халқаро тажриба ва Ўзбекистонда электр энергетикаси бозорига ўтишнинг истиқболлари” мавзуига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Молия вазирлиги, Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар, энергетика соҳаси корхоналари ҳамда бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, онлайн иштирок этган Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли, Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича Глобал энергетика амалиёти менежери Судешна Гош Банержи хоним ва бошқалар сўнгги бир неча йил ичида мамлакатимиз энергетика соҳасидаги ислоҳотлар, эришилган кўплаб ютуқлар, тизим равнақидаги халқаро ҳамкорликлар амалий аҳамият касб этаётганини қайд этди.

Қайд этилганидек, тадбирда мамлакатимизда бозор муносабатларига ўтиш ва рақобатбардош энергия бозорини яратиш долзарб вазифалардандир. Ушбу тадбирда айнан шу масалалар муҳокамаси ва ечимларига эътибор қаратилди.

Маълумки, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси Жаҳон банки гуруҳига аъзо бўлиб, ҳукуматга мамлакат энергетика соҳасини модернизация ва ислоҳ қилишда молиявий ва маслаҳат ёрдамини тақдим этади.

Тадбирда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли айтиб ўтганидек, энергетика сектори мамлакат ЯИМда муҳим роль ўйнайди.

- Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукуматининг ишончли ҳамкори ҳисобланади. Албатта, биз ўз тажрибамиз билан ўртоқлашамиз. Тавсиялар берамиз. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштириш мақсадга мувофиқдир. 2017 йилдан мамлакатинингиз энергетика соҳасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон билан ўттиз йилдан ортиқ ҳамкорлик қилиб келаётган бўлсак, кейинги беш-олти йил ичида энергетика секторида ҳам ишончли ҳамкорга айландик, - деди Марко Мантованелли.

[gallery-9134]

Тадбирда Жаҳон банки Энергетика вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар, хусусий инвесторлар ҳамда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда Ўзбекистонда электр энергиясининг улгуржи бозорини ривожлантиришда молиявий ва маслаҳат ёрдамини кўрсатиш бўйича аниқ режа ва вазифаларни амалга ошириш учун тизимли ишлар олиб борилиши айтиб ўтилди.

- Давлатимиз раҳбари томонидан энергетика соҳасини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Кейинги йилларда тизимда амалга оширилган улкан айнан шу ислоҳотлар самарасидир. Шунингдек, бугунги кунда Жаҳон банки кўмагида ҳукумат энергетика соҳасида умумий қиймати қарийб 1,2 миллиард АҚШ доллари бўлган қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бундан кўзланган мақсад электр энергетикаси инфратузилмасини модернизация қилиш, саноат корхоналари ва жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш, шаҳарларда янада самарали иситиш ва иссиқ сув хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, хусусий инвесторлар иштирокида қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасини ривожлантиришдан иборат, - деди Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев.

Тадбир давомида тингловчиларга Туркия, Арманистон, Лотин Америка давлатлари ва Шарқий Европада электр энергиясининг улгуржи бозорини ривожлантириш бўйича илғор хорижий тажрибалар тақдим этилди. Хусусан, ушбу давлатларда Жаҳон банки гуруҳи энергетика соҳаси ислоҳотларини ишлаб чиқиш ва уни модернизация қилиш учун хусусий инвестицияларни жалб қилишда муҳим роль ўйнагани таъкидланди.

Шунингдек, йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистонда электр энергиясининг рақобатбардош бозорига ўтиш бўйича, жумладан, ушбу соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилиш учун зарур институционал ва қонунчилик шароитларини яратиш бўйича “йўл харитаси” лойиҳаси тақдим этилди.

Ўзбекистон шароитида халқаро экспертлар электр энергияси бозори трансформациясини жадаллаштириш, мустақил хусусий операторлар томонидан электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш имкониятларини кенгайтириш муҳимлигини, шунингдек, энергетика корхоналарини молиявий соғломлаштириш ва модернизация қилиш зарурлигини, бутун мамлакат бўйлаб якуний истеъмолчиларни, жумладан, уй хўжаликлари, корхоналар ва хусусий секторни барқарор ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қила оладиган компанияларга айлантириш зарурлиги хусусида фикр алмашилди.

Тадбир якунида Жаҳон банкининг тегишли соҳавий ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашиш қатъияти яна бир бор тасдиқланди. Икки томонлама ҳамкорлик юқорида қайд этилган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишни якунлашга ҳам эътибор қаратилади. Унда электр энергетикаси соҳасининг самарали фаолият юритиши қонунчилик, институционал ва тартибга солиш механизмларини такомиллаштиришга кўмаклашиш, эскирган инфратузилма объектларини янгилаш ҳисобига электр энергияси йўқотишларини камайтириш, шунингдек, ушбу соҳага хусусий инвестицияларни кенг жалб этиш ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида электр энергиясини ишлаб чиқариш ва узатиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш янада қўллаб-қувватланади.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА