English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда экстремизмга қарши кураш борасидаги ёндашувлар концептуал жиҳатдан ўзгармоқда
09:25 / 2021-04-06

Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон экстремистик ва террористик таҳдидларни ўз “тана”сида ҳис этди. Мазкур даврда бир гуруҳ экстремистлар томонидан мамлакатда сиёсий тузумни ўзгариштириш, ислом халифалиги тузиш, давлатни шариат меъёрлари асосида бошқариш каби талаблар қўйилди.

Ушбу режа ва интилишларнинг асосий қисми динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг пойдеворига путур етказиш ҳамда кўп миллатли жамиятимизнинг барқарор ва тинч ривожланишига таҳдид солишга қаратилди. Шу билан бирга экстремистлар томонидан ҳокимиятни қурол билан эгаллаш каби ҳолатлар кузатилди.

Террористик хуружларнинг кучайиши ва мамлакатнинг барқарор ривожланишига тўғридан-тўғри таҳдидларнинг ортиши шароитида радикал гуруҳларни зарарсизлантириш, шунингдек, террористик ҳаракатлар иштирокчиларига нисбатан қатъий қонуний чоралар кўрилди. Шубҳасиз, ҳукумат томонидан кўрилган қатъий чоралар аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш ва мамлакат тараққиёти учун барқарор ижтимоий-сиёсий шароитларни яратишга қаратилган эди.

Бугунги кундахалқаро терроризм ва экстремизм ўзида сиёсий, иқтисодий, ҳудудий, маънавий, ахлоқий ва диний характердаги муаммоларни мужассамлаштирган тобора мураккаб ижтимоий-сиёсий ҳодисага айланмоқда. Бу экстремизмни фақат куч воситалари, яъни маълум бир гуруҳ фаолиятини тугатиш ёки уларнинг “етакчи”ларинижавобгарликка тортишнинг ўзи етарли эмаслигини кўрсатади. Замонавий шароитда экстремизмни бартараф этиш, биринчи навбатда, унинг мафкурасига қарши курашни англатади. Чунки экстремистик ғоялар вамафкуранинг тарқалиши оқибатида бундай гуруҳлар сафи кенгайиб бормоқда.

Бунга сўнгги 10 йил ичида Ўзбекистонда биронта ҳам террористик ҳаракат амалга оширилмаганига қарамай, мамлакат фуқароларининг Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги жанговар ҳаракатлардаги иштироки мисол бўла олади.Шу билан бирга, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган шахсларнинг АҚШ, Швеция ва Туркияда террористик ҳаракатларни содир этиши ҳам бу муаммо ечимига нисбатан ёндашувни қайта кўриб чиқиш, аҳоли орасида диний мутаассибликка қарши курашиш ва профилактик чоралар самарадорлигини оширишга катта эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг янги сиёсий йўналишида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, хавфсизлик, динлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлашга катта эътибор бермоқда. Ушбу йўналишдаги вазифалар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аниқ акс эттирилди.

Хусусан, экстремизмга қарши курашиш борасидаги ёндашувлар концептуал жиҳатдан ўзгарди. Бунда асосий эътибор экстремизмнинг оқибатлари билан эмас, унинг сабаб ва омилларини бартараф этишга қаратилди. Мазкур жиҳатлар қуйидагиларда ўз аксини топди.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида зўравонлик мафкураси “вируси” тарқалишининг олдини олишвазифасини қўйди. Хусусан, ёшларда диний-ахлоқий онгни шакллантириш ва маърифат асосида уларни мафкуравий тарбиялаш бу йўналишнинг асосий бўғинига айланди.

Мамлакатда диний таълимнинг беш босқичли тизими шакллантирилди. Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси ҳамда Калом, Ҳадис, Ақида, Ислом ҳуқуқи, Тасаввуф илмий мактабларининг диний-маърифий таълим муассасалари сифатида фаолияти йўлга қўйилди. Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотрудий номидаги халқаро тадқиқот марказлари ташкил этилди. Ушбу муассасаларнингасосий вазифаси сифатидаислом дини меросини ўрганиш ҳамдаунга хос бўлган тинчлик, раҳм-шафқат ва бағрикенглик каби ҳақиқий қадриятларни кенг тарғиб қилиш белгилаб қўйилди. 

Шунингдек мазкур соҳада ўқитишнинг илмий-услубий асослари такомиллаштирилди. Унда Ўзбекистон ҳудудида яшаб ижод қилган, ислом динининг инсонпарварлик қадриятларини тарғиб этган буюк илоҳиётчиларнинг диний ва фалсафий асарларини чуқур фундаментал тадқиқотлар асосида ўрганишга катта эътибор берилди.

Эътиборли жиҳати, мазкур жараёнда диний бағрикенгликни таъминлаш масалаларини ўрганиш натижалари асосида илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, тарғибот ва ташвиқот тадбирларини ўтказиш чоралари амалга оширилмоқда. Бунда ислом маърифати ва диний бағрикенглик анъаналарини мустаҳкамлашга қаратилган ишларни кучайтириш кун тартибига чиқмоқда.

Шу билан бир қаторда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг билим савиясини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.Уларнинг таълим олиш имкониятлари кенгаймоқда ва таълим сифати яхшиланмоқда. Бу ҳам кенг билим ва юксак тафаккурга эга бўлган ёшлар таркибини шакллантиришга хизмат қилади.

Иккинчидан, сўнгги йилларда халқимизга хос инсонпарварлик ва кечиримлилик сиёсатини экстремистик ғояларга қарши йўналтиришга қаратилган ишлар кўламини кенгайтириш борасида бир қатор ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, мамлакатимизда экстремистик гуруҳларга алоқадор деб ҳисобланган 20 мингдан зиёд фуқаро махсус ҳисобдан чиқарилди вабундай рўйхатларни юритиш амалиётидан бутунлай воз кечилди. 2017 йилдан то бугунги кунгача экстремизм учун ҳукм қилинган 4 мингнафардан ортиқ шахс афв этилди.

Ўтган давр мобайнида инсонпарварлик тамойилининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Жумладан, 2018 йилнинг 19 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Мазкур Фармон экстремистик гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган, ўз қилмишининг қонунга хилофлигини англаб етган ва тузалиш йўлига ўтган фуқароларга Ватанига, оиласи бағрига, тинч ҳаётга қайтиш имконини беради.

Фармонга мувофиқ тузилган комиссия биргина ўтган йилнинг ўзида тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган 40 нафар фуқароларни жиноий жавобгарликдан озод этиш ҳақида тақдим этилган мурожаатларни кўриб чиқди.

Бундан кўзланган асосий мақсад – мазкур тоифадаги инсонлар ўзларини давлат ҳимояси ва ғамхўрлиги остида, тўлақонли фуқаролар сифатида ҳис қилишлари учун шарт-шароитлар яратишдан иборатдир. Боиси, давлат ва жамият учун хавфлилик даражаси унча юқори бўлмаган фуқароларни маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш усулидан кенг фойдаланиш ўзининг акс таъсирини бериб, уларни янада ғазаблантиришга ҳамда давлатга қарши ҳаракат қилишга олиб келиши мумкин.

Шунингдек, 2018 йилда “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Унда мазкур соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатидаэкстремизмнинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда экстремизмга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш, шунингдек унинг юзага келишига имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш белгиланган.

Учинчидан, мамлакатда экстремизмни келтириб чиқарувчи омил ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган ишларга катта эътибор берилмоқда. Бу борада икки хил йўналишда, яъни мафкуравий ва амалий саъй-ҳаракатларни ўз ичига олган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, мафкуравий йўналишда амалга оширилаётган ишларга давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан бир қаторда фуқаролик жамияти институтлари ҳам жалб этилмоқда. Хусусан, Дин ишлари бўйича қўмита, Ички ишларвазирлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан биргаликда жамиятда виждон эркинлиги кафолатлари ва диний-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича доимий ҳамкорликни назарда тутувчи янги тизим асосида тегишли ишлар ташкил этилган.

Янги тизим доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари этиб: 1) дин соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсади, вазифалари ва принципларини кенг жамоатчиликка, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбар ва ходимларига тушунтириш, уларнинг фаоллиги, ташаббускорлигини ошириш; 2) аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг диний ва дунёвий қарашларини ривожлантириш; 3) оммавий ахборот воситалари, Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган радикал ғояларга қарши миллий анъана ва қадриятларимизнинг кенг тарғиб этилишини таъминлаш белгиланган.

Бунга асосий сабаб эса юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга диний тус бериш, сохта ғояларни асл диний қадриятлар сифатида талқин қилиш ва аҳоли орасида носоғлом ақидани сингдириш ҳолатлари кузатилаётганидир.

Амалий йўналишда эса содир этган қилмишига пушаймон бўлган ҳамда тинч турмуш тарзига қайтган фуқаролар, шунингдек, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар фаолиятида иштирок этишга мойил бўлган шахсларни иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Шу билан бирга экстремистик ғоялар таъсирига энг кўп тушувчи тоифа вакиллари, яъни аёллар ва ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бунда ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш, жинси, миллати ва келиб чиқишидан қатъий назар тенг имкониятлар яратиш, камситишга йўл қўймаслик каби йўналишларда ишлар олиб борилмоқда.

Асосий мақсад экстремистик ғоялар таъсирига қайта тушишга мойил бўлган шахсларни ҳам мафкуравий, ҳам амалий қўллаб-қувватлаш ҳамда экстремистларнинг ижтимоий базасини қисқартиришдир. Энг муҳими, фуқароларни ушбу бузғунчи мафкурага мойил қиладиган сабаб ва шароитларга, шу жумладан, ижтимоий тенгсизлик, камситиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини бузишга қарши курашишдир.

Тўртинчидан, экстремистик ғояларга қарши профилактик чоралар нафақат мамлакат ичкарисида, балки ташқарисида ҳам фаол амалга оширилмоқда. 2019 йилда бошланган ҳамда Яқин Шарқ ва Афғонистон ҳудудидан Ўзбекистон фуқароларини олиб чиқишга қаратилган “Меҳр” инсонпарварлик операцияси бунга яққол мисол бўла олади. Хусусан, 
2019-2020 йиллар давомида 318 нафар Ўзбекистон фуқароси, асосан аёллар ва болалар ўз Ватанига қайтарилди. Мазкур шахсларни Ўзбекистонга қайтариш олдидан улар билан суҳбатлар ўтказилди ва содир этган қилмишига пушаймон бўлган ҳамда тинч турмуш тарзига қайтиш ниятида бўлган фуқаролар саралаб олинди. Айни пайтда репатриация қилинган шахсларни реабилитация қилиш ва уларни жамиятга ижтимоий мослашуви учун доимий равишда индивидуал ва мақсадли ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, профилактик тадбирлар доирасида экстремистлар домига тушиш эҳтимоли катта бўлган шахслар гуруҳи, шу жумладан, меҳнат муҳожирларига катта эътибор қаратилмоқда. Ички ишлар вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ёшлар иттифоқи ва бошқа жамоат ташкилот вакилларидан ташкил топган гуруҳлар мунтазам равишда Россия ва Қозоғистондаги ўзбек меҳнат муҳожирлари ва талабалари ўртасида профилактик тадбирларни ўтказиб келмоқда. Унда экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик борасида суҳбатлар, оғир ижтимоий аҳволдаги фуқароларга ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида урғу берилаётгани эътиборга молик. 

Бешинчидан, экстремизмга қарши кураш борасидаги қарашларнинг ўзгариши жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда. Боиси, мазкур йўналишдаги устувор вазифалар қаторига мамлакатда диний бағрикенглик ва виждон эркинлигини таъминлаш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш киритилганидир. 

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда дин соҳасида ҳам янгича ёндашув ва тамойилларни ўзида акс эттирган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Диний ташкилотлар фаолияти эркинлигининг ҳуқуқий кафолати сезиларли даражада кучайтирилди. Жумладан, диний ташкилот фаолиятини тугатиш бўйича қарор чиқариш ваколати рўйхатга олувчи органдан судларга ўтказилди.

Бундан ташқари, юртимизда жамият ҳамжиҳатлигини таъминлайдиган муҳим омил сифатида конфессиялараро мулоқотни мустаҳкамлаш механизмлари такомиллаштирилди. 2018 йилда Дин ишлари бўйича қўмита ҳузурида жамоатчилик-маслаҳат органи сифатида фаолият олиб борувчи Конфессиялар бўйича кенгашнинг янги таркиби тасдиқланди. Унга Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган турли конфессияларга мансуб барча диний ташкилотлар киритилди.

Энг муҳими, Ўзбекистонда экстремизмга қарши курашда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни халқаро ташкилотлар нафақат эътироф этишмоқда, балки ўртага ташланаётган ташаббусларни ҳам қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси асосида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилинди. Мазкур резолюцияни БМТга аъзо барча давлатлар бир овоздан маъқуллади. Айтиш жоизки, дунёда динлараро қарама-қаршиликлар кучаяётган, экстремиздан келиб чиқаётган таҳдидлар ортаётган бир даврда “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси ушбу замонавий чақириқларга ўзига хос жавоб бўлди, десак муболаға бўлмайди.

2020 йилнинг декабрь ойида АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинлик соҳасидаги Махсус кузатув рўйхатидан чиқарди. Мазкур жараённи баҳолар экан, АҚШ Давлат департаменти собиқ котибиМ.Помпео“Ўзбекистонни бошқа давлатлар учун ўрнак бўлиши мумкин”лигини қайд этди.

2020 йил 13 октябрда Ўзбекистон тарихда биринчи марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига сайланди. Ушбу сайловларда Ўзбекистон энг кўп овоз олган давлат қаторида зикр этилди. Бу ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга асосланган экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг долзарб муаммоларини ҳал қилишда Ўзбекистоннинг ёндашувлари халқаро ҳамжамият томонидан тан олинганини кўрсатади.

Умуман олганда, экстремизмга қарши кураш соҳасидаги қарашларнинг ўзгариши бир томондан, хавфсизлик нуқтаи-назаридан ўз самарасини бераётган бўлса, иккинчидан, ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг ҳукуматга бўлган ишончи ортиб, аҳолининг диний эркинликлари кафолатлари учун шароит яратишга асосланган давлат ва аҳоли ўртасидаги муносабатларнинг янги модели барпо этилмоқда. Ушбу моделнинг асосини эса ислом маърифати ва диний бағрикенглик анъаналарини мустаҳкамлаш ташкил этмоқда. Бундай ёндашув шубҳасиз яқин истиқболда ўз натижасини беради.

 

Темур Аҳмедов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва 

минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим раҳбари