2025 йил декабрь ойида Ўзбекистонда истеъмол товарлари ва хизматлар нархлари ўртача 0,9 фоизга ўсди.
Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маьлум қилди. Бу жараён асосан асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг қимматлашиши билан боғлиқ бўлди. Сабзавот ва қуруқ маҳсулотлар нархи энг кўп ўсишни кўрсатди.
Декабрда озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 1,5 фоиз қимматлашгани кузатилди. Бу умумий инфляцияга асосий таъсир қилган сегмент бўлди. Айниқса, бақлажон +55,9 фоиз, бодринг +55,7 фоиз, помидор +25,1 фоиз, булғор қалампири +22,9 фоиз, карам +22,8 фоизга ўсган.
Шунингдек, қовоқ (+10,5%), анор (+7,2%) ва узум (+6,7%) нархлари ҳам сезиларли даражада ўсди. Бундай кўтарилишда мавсумий омиллар ҳам таъсир кўрсатган бўлиши мумкин, айниқса сабзавот ва кўкатчилик маҳсулотлари бўйича.
Баъзи озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи эса пасайди. Хусусан, сабзи (-7,5%), мандарин (-3,5%), шакар (-2,6%) ва кунгабоқар ёғи (-0,5%) каби маҳсулотлар инфляцияни юмшатган омил бўлди.
Ноозиқ-овқат товарларидан бензин (+2,4%), кийим ва поябзал (+0,2%) ҳамда пропан (+1,3%) нархлари ҳам ўсишни кўрсатди, бу истеъмол корзинасига таъсир қилди.
Хизматлар соҳасида ҳам нархлар ошди. Мобил алоқа хизматлари +4,9 фоизга, шаҳар автобус йўл ҳақи +3,2 фоиз, маиший чиқинди учун ҳақ тўлаш +3,0 фоиз, халқаро йўловчи ҳаво транспорти +2,0 фоиз, репетиторлик хизматлари +0,8 фоизга ўсган.
Декабрь ойидаги ушбу нархлар ўсиши 2025 йил инфляциясига сезиларли таъсир қилган бўлса‑да, йиллик истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 107,3 фоизни ташкил қилди. Яъни йиллик инфляция 2024 йил декабрь ойига нисбатан пасайганини кўрсатмоқда (2024 йил декабрьда ИНИ 109,8% бўлган).
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, нархлар динамикаси бир неча омилларга боғлиқ. Мавсумий сабзавот ва кўкатчилик маҳсулотлари, хизмат ва энергетика сегментидаги ўзгаришлар ҳамда глобал бозордаги турли факторларга боғлиқ.
Шу билан бирга, йиллик инфляциянинг пасайиши мамлакат иқтисодий барқарорлиги ва пулимиз қиймати сақланиши учун ижобий аломат бўлиб, келгуси йилда ҳам ушбу тенденция аҳоли даромадлари ва харид салоҳиятига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ш.Маматуропова, ЎзА