Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида мулкчилик инстити ҳусусан давлат мулкини хусусийлаштиришни янада кенгайтириш ва унинг тартиб-таомилларини соддалаштириш борасидаги ҳаракатлар изчиллик ва реаллик асосида йўлга қўйилмоқда. Айтиш жоизки, жорий йилнинг 14 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги ЎРҚ-907-сонли Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонунга мувофиқ қуйидагилар белгилаб берилди:
давлат кўчмас мулк объектлари тушунчасига аниқлик киритилди;
давлат мулкини хусусийлаштириш мазмуни очиб берилди;
иштирокчи, профессионал маслаҳатчи, талабгор, харидор хўжалик жамияти, каби тушунчаларга юридик таъриф бериб ўтилди:
Шунингдек, давлат мулкини хусусийлаштиришнинг асосий принциплари сифатида қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик, ҳисобдорлик кабилар билан бирга тенг рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда коррупцияга йўл қўймаслик масаласига эътибор қаратилди.
Мазкур қонун билан хусусийлаштириладиган давлат мулки объектлари турлари кўрсатиб ўтилди. Унга кўра:
давлат кўчмас мулк объектлари;
давлат улушлари (акциялари, улушлари);
давлат унитар корхоналари ва давлат муассасалари.
Ҳусусан, давлат мулкини хусусийлаштириш субъектлари сифатида ваколатли давлат органи ва (ёки) унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда харидорлардан иборат эканлиги кўрсатиб ўтилди. Давлат мулкини хусусийлаштириш соҳасини тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги зиммасига юклатилди.
Қонун билан давлат мулкини хусусийлаштиришни амалга ошириш тартиби белгиланган бўлиб, давлат мулкини хусусийлаштириш дастурларини ишлаб чиқиш кўзда тутилди.
Давлат мулкини хусусийлаштириш дастурлари қуйидагилар томонидан шакллантирилади:
ваколатли давлат органи томонидан — республика мулкини хусусийлаштириш дастурлари;
ваколатли давлат органининг ҳудудий бошқармалари томонидан — муниципал мулкни хусусийлаштириш дастурлари.
Қонун нормасига мувофиқ, хусусийлаштириладиган давлат мулкини баҳолашдан ўтказиш ва унинг бошланғич нархини белгилаш ваколатли давлат органи ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан белгиланади. Давлат мулкини хусусийлаштириш мустақил баҳоловчи ташкилотнинг, шу жумладан халқаро нуфузга эга бўлган баҳоловчи ташкилотларнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботига асосан амалга оширилади.
Давлат мулкини хусусийлаштириш усуллари этиб қуйидагилар белгиланди:
аукцион;
танлов савдолари;
музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш;
рақобатга асосланган мулоқот;
биржа савдолари;
давлат унитар корхонасини ёки давлат муассасасини мулкий мажмуа тарзида хўжалик жамиятининг устав фондига (устав капиталига) давлат улуши сифатида киритиш;
давлат улушларини ва давлат кўчмас мулк объектларини хўжалик жамиятининг устав фондига (устав капиталига) давлат улуши сифатида киритиш;
давлат унитар корхонасини ёки давлат муассасасини кейинчалик хусусийлаштириш шарти билан ижарага бериш.
Мазкур усуллар тўғрисидаги тартиб-таомиллар ҳам қонун нормасида батафсил ўз аксини топган.
Хусусан, давлат унитар корхонасини ва давлат муассасасини хусусийлаштиришнинг умумий тартиби ҳам белгилаб берилди.
хўжалик жамияти этиб ўзгартириш орқали давлат улушларини реализация қилиш;
мулкий мажмуа сифатида сотиш;
мулкий мажмуани хўжалик жамиятининг устав фондига (устав капиталига) улуш сифатида киритиш;
давлат унитар корхонасини ёки давлат муассасасини келгусида хусусийлаштириш шарти билан ижарага бериш.
Шу билан бирга хусусийлаштириладиган давлат мулкининг харидорига нисбатан талаблар белгилаб берилди. Шунингдек, хусусийлаштирилган давлат мулкига бўлган мулк ҳуқуқларини рўйхатдан ўтказиш, тўловларни амалга ошириш тартиби ва шартлари, мулк ҳуқуқини расмийлаштириш тартиби қонунда ўз аксини топди.
Давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушадиган маблағларни жамғариш тартиби, хусусийлаштириладиган давлат мулкининг олди-сотди шартномаси шартларини харидор томонидан бажармаслик ва лозим даражада бажармаслик оқибатлари, хусусийлаштириш жараёнида очиқлик ва хусусийлаштириш тўғрисидаги ҳисоботни ошкор қилиш тшғрисидаги қоидалар ҳам ўз аксини топди.
Умида Маҳмудходжаева,
Тошкент Давлат Юридик университетининг доценти