Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва Корея иссиклиқ корпорацияси (KDHC) ўртасида икки томонлама англашув меморандуми имзоланган эди.
Бунда марказлашган иссиқлик таъминоти соҳасида тажриба ва билим алмашиш мақсад қилинган.

Мазкур келишилган ишлар бўйича тажриба алмашиш мақсадида 2025 йил май-июнь ойларида KDHC томонидан “KSP - билим алмашиш” дастури доирасида “Марказлашган иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантиришда чиқиндини ёқиш орқали иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, норматив базани такомиллаштириш, “Янги Тошкент” лойиҳасининг энергия аудитини ўтказиш ва республикада ситуацион марказини шаклларнитириш” мавзусидаги Ўзбекистон ва Корея Республикаларида семинар-тренинглар ташкил қилинди.
Бугун “Иссиқликтаъминоти” АЖ бошқаруви раиси Илҳом Тўраев ва кореялик мутахассислар иштирокида Ўзбекистон KSP 2-йил якуни бўйича ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Ушбу ҳисоботда қилинган ишлар, амалга оширилган ўрганишлар, хусусан, Ўзбекистонда марказлашган иссиқлик тизимини модернизация қилиш бўйича техник-иқтисодий тавсиялар ўз аксини топган.

Кореялик мутахассислар асосий эьтиборни чиқиндини ёқиш орқали иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш лойиҳаларига қаратди.
Уларнинг таҳлилига кўра, Ўзбекистонда 2030 йилгача чиқиндидан иссиқлиқ энергиясини олиш бўйича 10 та лойиҳа ишга туширилади. Бунинг натижасида йилига жами 81 миллион доллар даромад кўриш имконияти яратилади. Бунда 470 минг тонна карбон гази чиқишининг олди олинади. Қолаверса, унинг улуши 4,7 миллион долларга тенг бўлади.
Тадбирда келгусидаги ҳамкорлик режалари бўйича ҳам келишиб олинди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА