БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва карантини агентлиги билан ҳамкорликда мамлакатимиз бўйлаб соҳа мутахассислари учун чигирткаларга қарши кураш бўйича қатор тренинглар ташкил этди.
Тадбирда миллий мутахассислар томонидан зараркунандаларга қарши курашнинг замонавий усуллари, микробиологик препаратлардан фойдаланиш ва бошқа муҳим масалалар ҳақида сўз юритилган. Чигиртка турларининг тарқалиш динамикаси ва унинг иқлим ўзгариши ҳамда антропоген омиллар билан алоқаси кўриб чиқилиб, Марокаш чигирткаси қишлоқ хўжалиги экинлари учун катта хавф туғдириши мумкинлиги қайд этилди.
Мутахассислар Марокаш чигирткасининг Қарши дашти ва Сурхон-Шеробод водийсидаги асосий тарқалиш марказлари хусусида фикр билдириб, бошқа чигиртка турлари – итальян чигирткаси ва йирик саксовул думбаси популяциясининг мониторинги масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Тренингда юртимизда маълумотлар тўплашнинг автоматлаштирилган тизими, Кавказ ҳамда Марказий Осиёда чигирткаларга қарши кураш тизимини кенг жорий этиш ва улардан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Янги иловалар географик ахборот технологиялари ва чигирткалар ҳақидаги маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш учун масофавий зондлаш усулларидан фойдаланишга асосланган бўлиб, улар дала тадқиқотлари маълумотларини киритиш ҳамда ўқувчиларни чигирткалар тарқалиши ва юзага келиши мумкин бўлган таҳдидлар ҳақида онлайн хабардор қилиш имконини беради.
Ҳар икки тизим ҳам ФАО томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, зараркунандаларга қарши кураш самарадорлигини оширади. Чигиртка тарқалишидан эрта огоҳлантириш ва таҳдидларга ўз вақтида жавоб бериш мақсадида Кавказ ва Марказий Осиёнинг чигирткалар кўпайиб бораётган мамлакатларида жорий этиляпти.
Шуни таъкидлаш керакки, маълумотлар тўплашнинг автоматлаштирилган тизими, Кавказ ҳамда Марказий Осиёда чигирткаларга қарши кураш тизими Кавказ ва Марказий Осиё давлатларининг ўнта тилида, жумладан, ўзбек тилида ҳам ишлайди. Тренинг иштирокчилари инновацион иловалар имкониятини ўрганди, дейиш мумкин.
Технология ва инновациялардан фойдаланиш чигирткаларга қарши курашни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқаётгани таъкидланди. Тренинг иштирокчилари янги иловалар самарали дала тадқиқотлари, шунингдек, мобил қурилмалар ёрдамида мониторинг қилиш учун қулай экани маълум қилинди.
Ўқув дастурига соҳалар бўйича амалий машғулотлар ҳам киритилди. Чигирткаларга қарши кураш бўйича навбатдаги тренинглар 65 нафар иштирокчиларни қамраб олган ҳолда 9-12 март кунлари Жиззах, 16-18 мартда Наманган вилоятида, 23-26 март куни эса Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилиши режалаштирилган.
ЎзА