Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда болалар ҳуқуқлари қандай таъминланмоқда?
20:55 / 2022-11-16

Ўзбекистон БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига қўшилганига 30 йил бўлди.

Ўтган йиллар давомида болалар манфаатларини таъминлаш бўйича самарали ишлар амалга оширилди. Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Болалар омбудсмани институти фаолияти йўлга қўйилди.  

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинган кун ҳамда мамлакатимизнинг ушбу муҳим ҳужжатни ратификация қилганининг 30 йиллиги муносабати билан Тошкентда ташкил этилган давра суҳбатида шу ҳақда сўз юритилди.  

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева болаларнинг соғлом улғайиши, муносиб таълим-тарбия олишлари учун барча зарур имкониятлар яратилаётганига эътибор қаратди. Болалар меҳнатига мутлақо чек қўйилгани халқаро ҳамжамият томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда.  

Мамлакатимизда боғчалар сони 6 баробарга кўпайди. Боғчаларда таълим ва тарбия оладиган болалар сони 2 миллионга етказилиб, қамрови 70 фоизга чиқди.  

Жаҳон банки, БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ кўмагида боланинг илк ривожланишига хизмат қиладиган мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини янада кенгайтириш ҳамда имконияти чекланган болалар учун мактабгача таълимни уйда бериш моделини жорий қилиш чоралари кўрилмоқда.  

– Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг таълим олиши ва касб эгаллашига кўмаклашиш, оғир касалликка чалинган болаларни даволаш мақсадида Болаларни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилиб, унга давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратилди, – деди Т.Норбоева. –Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар муҳофазасига қаратилган чоралар натижасида 20 та Меҳрибонлик муассасасининг фаолияти тугатилди. Уларда тарбияланаётган жами 2 минг 161 нафар тарбияланувчи ўз оиласи  ва яқин қариндошларига, Оилавий болалар уйларига, таълим муассасаларига ўтказилди. Эътиборли жиҳати 134 Оилавий болалар уйидан 839 нафар тарбияланувчи меҳр топди.  

Айни пайтда 3 та Меҳрибонлик муассасасида 270 нафар, 3 та “SOS – Ўзбекистон болалар маҳалласи”да 173 нафар, 10 та Болалар уйларида 319 нафар бола тарбияланмоқда. 2021 йилда 800 нафарга яқин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар уй-жой билан таъминланди.  

Давра суҳбатида ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Aфшан Хон, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси раиси Микико Отани (онлайн), ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде Ўзбекистонда болалар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни олқишлаши ва бу йўналишдаги ишларни янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлашини билдирди.  

Давра суҳбатида БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг Ўзбекистон учун тавсияларини амалга ошириш бўйича кейинги қадамлар муҳокама қилинди.  

Иштирокчилар Бола ҳуқуқлари конвенцияси ижроси, бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилик ташаббуслари ва устувор йўналишларни муҳокама қилдилар.  

БМТ Бола ҳуқуқлари қўмитасининг якуний тавсияларини амалга ошириш бўйича жорий режалар ҳақида фикрлашилди. Бунда камситмаслик, боланинг энг яхши манфаатлари, яшаш, омон қолиш ва ривожланиш ҳуқуқи, қарашларини ҳурмат қилиш сингари умумий тамойилларга эътибор қаратилди.  

Ўзбекистон ҳукуматига Конвенциянинг барча соҳалари бўйича кенг қамровли сиёсат, стратегия ва ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишни ҳамда уларни амалга ошириш учун етарли инсоний, техник ва молиявий ресурсларни ажратиш тавсия қилинди.  

Сенаторлар, вазирлик ва миллий идоралар вакиллари мазкур тавсияни амалга ошириш, жумладан, Ҳаракат дастурини мониторинг қилиш ва ҳисобот тайёрлаш бўйича ўз фикр ва режалари билан ўртоқлашди. Бу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари бола ҳуқуқлари амалга оширилиши мониторингига жалб қилиниши зарурлиги таъкидлаб ўтилди.  

Н.АБДУРАИМОВА, ЎзА мухбири