Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда болалар ҳуқуқлари кафолатланган...ми?
07:40 / 2021-09-30

Қўқон шаҳри Туркистон кўчасидаги дарахтлардан бирининг остидан уч ёшли болакайнинг жасади топилди.

Оператив-қидирув тадбирларидан сўнг боланинг қотили ўз онаси бўлиб чиқди. Маълум бўлишича, Андижон вилоятида истиқомат қилувчи Саидахон Тилаволдиева ўз жигарбанди, 2015 йилнинг 4 ноябрида туғилган Фирдавсжон Иброҳимжоновни бўғиб ўлдирган экан. Оператив тадбирлар натижасида Саидахон Тилаволдиева Тошкент шаҳрида қўлга олинган.

Афсуски,  оммавий ахборот воситаларида болалар ҳақидаги  бу каби совуқ хабарларга  тез-тез кўзимиз тушади.

Фарзанд! Ҳаётимизнинг мазмуни, асосий мақсадимиз ва келажагимиз! Уларни асраб-авайлаш, комил инсон бўлиб вояга етишида иштирок этиш нафақат ота-оналарнинг, балки бутун жамиятнинг бурчидир. Болаларни асраш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида бутун жаҳонда турли-ҳил чора-тадбирлар кўрилади, конвенциялар, меморандумлар, декларациялар, келишувлар имзоланади.

Болалар ҳар бир мамлакатнинг улкан бойлиги, катта салоҳиятга эга стратегик ресурсларидан биридир. Болаларга ғамхўрлик дунёнинг барча мамлакатларида давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

Хўш, мамлакатимизда болалар ҳуқуқи қай даражада кафолатланган?

Болаларни оиладаги зўравонликлардан ҳимоя қилиш учун қандай аниқ бир механизмлар мавжуд?

Боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш қандай тартибди  амалга оширилади?

Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) Котибияти Бола ҳуқуқларини таъминлаш сектори мудири  Саттор  Рахматов  мамлакатимизда бола ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилилаётган ишлар юзасидан ЎзА мухбирига қуйидагиларни маълум қилди.

–Болага меҳр- эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан ҳисобланади, –дейди Саттор Рахимов.– Мамлакатимизда болалар авлод давомчилари, келажагимиз ворислари сифатида қадрланади. Ўзбекистонда яшовчи диний эътиқоди ва миллатидан қатъи назар, барча болалар мамлакат  хазинасидир. Жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, болалар ҳамда улар қонуний вакиллари бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларини Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани)га юбориши мумкин. Мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлиши мумкин. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар мурожаатларнинг турлари ҳисобланади.Мурожаатлар, уларнинг шакли ва туридан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга бўлади. Бундан ташқари, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) жисмоний шахслар ҳамда юридик шахслар вакилларининг шахсий қабулини ўтказади. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) мурожаатларни кўриб чиқиш орқали боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлайди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишим лозимки, бола ҳуқуқлари ҳимоясига доир қонунчилигимиз асосини ташкил этувчи Конституциямизнинг 65-моддасида ҳам “Фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади”, деб белгилаб қўйилган.

Давлатимиз раҳбарининг жорий  йил 9 августдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида болалар орасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг барвақт олдини олиш механизмлари янгича ёндашувлар асосида белгилаб берилди. Фармонга мувофиқ, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Болалар омбудсмани  институти таъсис этилди. Бундан буён у ўз ваколатларини мустақил, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг бола ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда манфаатларини бузаётган ташкилотлар ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ва у ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига ҳам эга.

Илгари бола ҳақида ғамхўрлик у ҳимояга муҳтож бўлган тақдирдагина амалга оширилар эди. Эндиликда бола ҳуқуқлари қонун доирасида мустаҳкамлаб қўйилган. Ғамхўрлик ва ҳимоя бу — мурувват масаласи эмас, балки ҳуқуқдир. "Болалар Омбудсмани тўғрисида"ги қонуннинг қабул қилиниши  боланинг яшаш, шахсий дахлсизлик, оила муҳити, мулкка эгалик қилиш, меҳнат қилиш, таълим олиш ва бўш вақтини мазмунли ўтказиш, ижтимоий ҳимояланиш каби ҳуқуқларининг кафолатини  аниқ белгилаб беради. У болалар учун асосий ижтимоий ва ҳуқуқий мезонлар, тартиб ва қоидалар қатъий белгиланган мажмуага айланди.

Зеро, фуқаролик жамияти болаларнинг улғайиши, ҳимояланиши ва жамият ҳаётида иштирок этиши, ижтимоий таъминот хизматлари сифатли бўлишини таъминлашда қудратли куч бўла олади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил суднинг ваколат доирасига кирадиган масалаларни кўриб чиқмайди. Аноним мурожаатлар ҳам Вакил томонидан кўриб чиқилмайди.  Аммо вакил томонидан бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига оид қонунчиликнинг ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан ижро этилиши ўрганилади. Вакилнинг давлат органлари ва ташкилотларидан ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан статистик, таҳлилий ва бошқа ахборотларни ҳамда материалларни сўраб олиш ваколати  ҳам бор.

Барча ривожланган давлатлардаги каби мамлакатимизда ҳам  болаларнинг нормал шароитда ўсиши учун барча қулай шароитлар яратиб берилиши ва таъминланиши лозим. Ахир, Конституциямизда белгиланганидек,бола дунёга келиши билан фуқаровий ҳуқуқлари пайдо бўлади.

Аммо, афсуски, Конституциямизнинг 64-моддасида “Ота-оналар фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” дея белгилаб қўйилган бўлсада,  ҳаётда барча ота-оналар ҳам юқоридаги моддада қайд этилган бурчини, конституциявий мажбуриятини тўлақонли ҳис қилавермайди.

Шу каби вазиятларда ҳаракатларида бола ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимоснома билан кириш, қонунда назарда тутилган ҳолларда боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги аризалар ва даъволар билан судларга мурожаат қилиш, болалар ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларни ҳимоя қилиш учун масъул бўлган муассасалар, хизматлар, органларга, шу жумладан, таълим, тиббиёт муассасалари, қамоқда сақлаш жойлари ва жазони ижро этиш муассасаларига ҳам  мунтазам равишда ва монеликсиз кириш  ҳам  бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишдаги ҳуқуқларидир.  

Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилган ҳолатлар ҳақидаги хабарлар ваколатли давлат органлари, мансабдор шахслар ва нодавлат ташкилотлар вакиллари билан биргаликда текширилади. Вакил қонунда назарда тутилган ҳолларда боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги аризалар ва даъволар билан судларга мурожаат қилиши мумкин ва боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш мақсадида суд жараёнларида қонунда белгиланган ҳоллар ва шаклларда шахсан ёки ўз вакили орқали иштирок этади.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқароси ҳисобланган ва хорижий давлат ҳудудида бўлган боланинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги келишувларга ва бошқа шартномаларга мувофиқ бошқа давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, суд органларига ва омбудсманларига ҳам   сўровномалар юбориши ҳам вакил вазифасидир.

Болаларни ҳимоя қилиш, асраб-авайлаш – кундалик вазифа. Бутун инсоният ва инсонпарвар жамият учун бундан муҳимроқ вазифанинг ўзи йўқ, десак муболаға бўлмайди.

ЎзА мухбири Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.