Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда бизнес-муҳит жорий шароитлар яхшиланиши фонида мустаҳкамланмоқда
18:06 / 2025-12-18

Бизнес-муҳитининг ўсиши ўрта муддатли истиқболлар бўйича айрим кутилмалар пасайишига қарамасдан, жорий бизнес юритиш шароитларининг мустаҳкамланаётганини акс эттиради.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2025 йил ноябрь ойи якунлари бўйича бизнес-муҳити таҳлили натижаларини тақдим этди.

Сўровнома натижалари асосида бизнес-климат индекси шакллантирилди. Ушбу индекс бизнес юритишнинг жорий ҳолатига берилган баҳоларни, яъни корхоналарнинг амалдаги фаолият ҳолатини ҳамда тадбиркорлик субъектларининг яқин уч ойлик даврга оид кутилмаларини акс эттирувчи асосий компонентларга таянади.  

2023 йилдан бошлаб Ўзбекистонда бизнес муҳити динамикаси Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Trading Economics порталида (tradingeconomics.com/uzbekistan/business-confidence) мунтазам янгиланиб борилмоқда.

Сўнгги ойлик сўров натижаларига кўра, бизнес муҳитининг жамланма индикатори 52 бандни ташкил этиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 бандга юқоридир. Ушбу яхшиланиш, аввало, хизматлар ва қурилиш соҳалари ҳисобига таъминланди. Мазкур тармоқларда барқарор кутилмалар сақланиб қолган ҳамда бизнес томонидан умумий ўртача оптимизм кузатилмоқда.

Тармоқлар кесимидаги динамика иқтисодий фаолликдаги фарқларни акс эттиради. Энг сезиларли ўсиш хизматлар соҳасида (+11 банд, 59 бандгача) ва қурилиш тармоғида (+4 банд, 55 бандгача) қайд этилди. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаларида кўрсаткичлар пасайиб (мос равишда –10 ва –8 банд), 48 ва 42 бандни ташкил этди. Бу ҳолат ушбу тармоқларда бизнес фаоллиги сақланиб қолаётганини кўрсатади.  

Жорий бизнес ҳолати индекси 45 банддан 50 бандгача яхшиланди, кутилмалар индекси эса 57 банддан 54 бандгача бироз пасайди. Шу билан бирга, бизнес кутилмалари ишончли ижобий ҳолатда қолиб, яқин уч ой давомида оптимизм сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.  

Сўровнома натижаларига кўра, Ўзбекистондаги тадбиркорларнинг қарийб ярми (48 фоиз) ўз бизнесининг жорий ҳолатини яхши деб баҳолаган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 фоиз бандга юқоридир.

Сўнгги чоракда бизнес ҳолати яхшиланганини респондентларнинг 39 фоизи билдирган бўлса, 2024 йил ноябрь ойида ушбу кўрсаткич 33 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга, талаб ўсганини қайд этган компаниялар улуши 48 фоизгача ошиб, 11 фоиз бандга ўсиш кузатилди.

Бандликнинг ўртача кенгайиши ҳам тасдиқланмоқда: ходимлар сони ошганини маълум қилган тадбиркорлар улуши 24 фоизга етди, бу эса ўтган йилга нисбатан 21 фоиздан юқоридир.

Моҳигул Қосимова, ЎзА