Анимация – бу ҳаракат иллюзияларини яратиш орқали ҳикоя қилиш санъати бўлиб, у инсон дунёқараши, эстетик диди ва маънавий тарбиясида муҳим ўрин тутади. Мультфильмлар орқали болалар яхшилик ва ёмонликни ажратишни, қаҳрамонларга ҳамдард бўлишни, жамоа бўлиб ҳаракат қилишни ўрганади. Бугунги кунда анимация нафақат болалар учун мўлжалланган жанр, балки замонавий технологиялар, ижод ва маданият уйғунлашган йирик саноатга айланиб бормоқда. Шу боис, ҳар бир мамлакат ўз анимация мактабини шакллантиришга интилади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам анимация соҳасига бўлган эътибор сезиларли даражада ошди. Давлат буюртмалари, махсус марказлар ва янги анимация студияларининг пайдо бўлиши ушбу йўналишни тизимли ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Ана шу жараённинг энг ёрқин натижаларидан бири сифатида мамлакат тарихида илк бор тўлиқ метражли, 3D технологияда яратилган анимацион фильм – “Сеҳрландия: қаҳрамонлик миссияси” томошабинларга тақдим этилди.
“Сеҳрландия: қаҳрамонлик миссияси” 5 ёшдан катта болалар аудиториясига мўлжалланган бўлиб, унда тарихий исм-шарифларга эга қаҳрамонлар – Темур, Улуғбек, Жалолиддин ва Бобурнинг дўстлари сеҳрли оламга тушиб қолади. Улар бу ерда ёвуз Олабўжи билан тўқнаш келиб, жасорат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик кўрсатади ва мураккаб синовларан ўтади.
Фильм Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар контентини ривожлантириш маркази буюртмасига асосан “Лола” Анимацион студияси томонидан суратга олинган. Марказ мутахассислари таъкидлашича, мультфильмнинг бош мақсади болалар онгига дўстлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, меҳр-оқибат ва жамоавийлик каби умуминсоний қадриятларни сингдиришдан иборат.

Мультфильм қаҳрамонларига таниқли актёрлар — Улуғбек Шодибеков, Баҳриддин Ҳусниддинов, Жаҳонгир Хўжаев, Абдураҳим Грид, Шаҳзода Муҳаммадова, Алишер Узоқов ва бошқалар овоз бергани маҳсулотнинг бадиий савиясини янада оширишга хизмат қилган.
Ўзбекистонда анимация санъати ХХ асрнинг иккинчи ярмида шакллана бошлаган. Дастлабки анимацион фильмлар “Ўзбекфильм” студияси доирасида яратилган бўлиб, улар асосан халқ эртаклари ва болалар адабиётига таянган. Қўлда чизилган 2D мультфильмлар – “Зумрад ва Қиммат”, “Ур тўқмоқ”, “Тўғривой ва Эгривой” каби асарлар миллий анимациянинг ажралмас қисмига айланган.

Мустақилликдан кейинги йилларда анимация соҳасида муайян қийинчиликлар кузатилган бўлса-да, сўнгги йилларда болалар контентини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Замонавий технологиялар, рақамли анимация ва ёш мутахассисларнинг кириб келиши соҳанинг янги босқичга ўтишига замин яратди.
“Сеҳрландия: қаҳрамонлик миссияси” ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. 3D формат Ўзбекистон анимациясига техник жиҳатдан рақобатбардошлик, визуал сифат ва экспорт салоҳиятини ошириш имконини беради. Энг муҳими, замонавий шаклда бўлса-да, фильм мазмунида миллий қадриятлар ва тарбиявий ғоялар сақлаб қолинган.
“Сеҳрландия: қаҳрамонлик миссияси” Ўзбекистон анимацияси тарихида муҳим бурилиш нуқтасидир. У миллий маданият, замонавий технология ва болалар тарбиясини бирлаштирган ҳолда, келажакдаги йирик анимацион лойиҳалар учун мустаҳкам пойдевор бўлади.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА