Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда Беларусь капитали иштирокидаги корхоналар сони тўрт баробарга ошиб, 157 тани ташкил этди
11:48 / 2022-08-25

Минск шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича Қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг 9-йиғилиши бўлиб ўтди.

Унга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ва Беларусь Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Леонид Заятс ҳамраислик қилди. Тадбирда икки мамлакатнинг асосий вазирлик ва идоралари раҳбарлари ҳам иштирок этди. 

Йиғилиш кун тартиби доирасида инвестициявий, савдо-иқтисодий, саноат, илмий-техник ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари кўриб чиқилди. 

Икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги муносабатлар юқори ва барқарор ривожланиш динамикаси билан ажралиб туриши қайд этилди. Бу ўз навбатида, устувор йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш учун зарур шарт-шароитларни яратади.  

Йиғилишда икки мамлакатнинг савдо-иқтисодий ҳамкорлиги доирасида эришилган ютуқлар қайд этилди. Жумладан, 2021 йилда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 40 фоиздан ошди. Масъул вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида ўзаро савдони ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳ тузиш, шунингдек, яқин келажакда товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашнинг электрон тизимини жорий қилиш тўғрисидаги Битимни ишлаб чиқиш ва имзолаш тўғрисида келишувга эришилди. 

Шу билан бирга, инвестициялар соҳасидаги ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантиришнинг ижобий тенденциялари муҳокама қилинди. Сўнгги уч йил ичида Ўзбекистонда Беларусь капитали иштирокидаги корхоналар сони тўрт баробарга ошиб, 157 тани ташкил этди. Жорий йилнинг ўтган етти ойида 58 та корхона ташкил этилди. Ўз навбатида, Беларусь Республикасида ўзбек капитали иштирокидаги 101 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Машинасозлик, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика саноати, электроника ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва кейинчалик уларни икки давлатнинг логистика имкониятларидан фойдаланган ҳолда учинчи мамлакатга экспорт қилиш бўйича ҳамкорликда янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг катта истиқболлари қайд этилди. 

Саноат кооперацияси соҳасида ҳамкорликнинг янги йўналишлари ва қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш мақсадида шу йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон – Беларусь бизнес кенгашининг иккинчи йиғилишини ўтказишга келишилди. 

IT ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик масалалари бўйича фикр алмашилди. Беларусда 2023 йилнинг биринчи ярмида фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Беларусь – Ўзбекистон комиссиясининг 2-йиғилиши қатнашчиларнинг бевосита иштирокида ўтказилади. Шунингдек, тасдиқланган қўшма Илмий-техникавий ва инновацион ҳамкорлик дастурини IT рақамлаштириш ва юқори технологиялар соҳасидаги янги ташаббус ва лойиҳалар билан бойитиш тўғрисида келишувга эришилди. 

Маданий-гуманитар ҳамкорликка, хусусан, таълим ва туризмни ривожлантириш соҳасидаги муносабатларга алоҳида эътибор қаратилди. Беларусь фуқаролари учун "Оила учун туризм", "Қуёшли таътил", "Витаминли тур", "Ўқиш ва саёҳат" каби махсус туристик хизматларни ташкил этиш таклифи билдирилди. 2023-2026 йилларда Ўзбекистон ва Беларусь Республикасининг етакчи олий ўқув юртлари ўртасида "Йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, шунингдек, Ўзбекистонда "Беларусь киноси кунлари" ва Беларусда "Ўзбек киноси кунлари"ни ўтказишга келишилди. 

ЎзА