Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан жорий йилнинг 1-4 сентябрь кунлари давомида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги ва гўшт маҳсулотларининг улгуржи нархлари ва экспорт-импорт ҳажми таҳлил қилинди.
Қайд этилишича, юртимизда 1-4 сентябрь кунлари 11,6 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинган. Шу билан бирга, 103 минг долларлик маҳсулот импорти амалга оширилган. Шу вақт давомида бозорларда асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларида ўзгариш кузатилмаган.
Давлат божхона қўмитасининг тезкор маълумотларига асосан, жорий йил 1-4 сентябрь кунлари умумий қиймати 11,7 миллион долларлик (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,8 миллион доллар кўп) жами 16 минг тонна (2,3 минг тонна кўп) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти амалга оширилган.
Хусусан, мазкур даврда 7,6 минг тонна узум, 1,8 минг тонна қовун, 1,2 минг тонна пиёз, 0,6 минг тоннадан нок ва ловия, 0,5 минг тонна сабзи, 0,4 минг тоннадан хурмо, олхўри, анор ташқи бозорларга етказиб берилган.
Яна бир маълумот. Ушбу давр мобайнида 103 минг доллар, яъни ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36,5 минг доллар кўп қийматдаги жами 141 тонна (88,6 тонна кўп) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорт қилинган.
“Қўйлиқ” бозорига 1-4 сентябрь кунлари ҳудудлардан жами 3,6 минг тонна, хусусан, 1,5 минг тонна картошка, 1,6 минг тонна пиёз, 84 тонна карам ва 389 тонна сабзи келтирилган.
Ҳудудлар ва маҳсулотлар кесимида таҳлил қилинганда Самарқанддан 1 010 тонна ва Намангандан 91 тонна картошка етказиб берилган. Тошкент вилоятидан 893 тонна, Жиззахдан 586 тонна ва Самарқанддан 45 тонна пиёз, Тошкент вилоятидан 84 тонна карам, Тошкент вилоятидан 138 тонна, Сурхондарёдан 63 тонна, Сирдарёдан 52 тонна, Фарғонадан 46 тонна, Андижондан 42 тонна, Қашқадарёдан 25 тонна ва Жиззахдан 23 тонна сабзи етказиб берилган.
Қолаверса, “Қўйлиқ” бозорига Қозоғистондан 443 тонна картошка ва 32 тонна пиёз келтирилган. “Чорсу” деҳқон бозорига эса 1-4 сентябрь кунлари жами 36,5 тонна, шу жумладан, 29,9 тонна мол гўшти ва 6,6 тонна қўй гўшти келтириб сотилган.
Ш.МАМАТУРОПОВА, ЎзА