Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадлари қандай бажарилмоқда?
12:36 / 2023-08-15

Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, имкон қадар муқобил энергия манбаларини жорий этиш нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда долзарб бўлиб турган масала ҳисобланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)да белгиланган долзарб вазифалар ичида энергия самарадорлигини кучайтириш ва муқобил энергия манбаларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилган.  

Ўзбекистонда БРМни бажариш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда Олий Мажлис Сенатида Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси ташкил этилган.   

Мазкур Парламент комиссиясининг навбатдаги мажлисида ишчи гуруҳ томонидан Андижон ва Қашқадарё вилоятларида энергия самарадорлигини кучайтириш ва муқобил энергия манбаларини жорий қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати бўйича ўтказилган ўрганишлар натижалари муҳокама қилинди.  

Андижон вилоятида ижтимоий соҳа объектларида 10,3 минг  кВт қувватли қуёш панеллари, 9 минг литрли қуёш сув иситиш ускуналари, тадбиркорлик субъектларида 5 минг 629 кВт қувватли ва аҳоли хонадонларида 10 минг 961 кВт қувватли қуёш панеллари, шунингдек, 25,9 минг литрли қуёш сув иситиш ускуналари ўрнатилган.  

Қашқадарё вилоятида эса 1 минг 242 та объектда умумий қуввати 12,9 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр панеллари, 8,1 минг литрли гелиоколлектор, 193 та тадбиркорлик субъектига 6,2 МВт ва 761 та аҳоли хонадонига 1,6 МВт қувватли қуёш панели ҳамда 4,8 минг литрли гелиоколлектор ўрнатилган.  

Ўз навбатида, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш борасида тарғибот-ташвиқот ишларининг сустлиги ҳамда нархларнинг юқорилиги оқибатида Андижон вилоятидаги аҳоли хонадонларида 28 минг 800 кВт ўрнига 10 минг 961 кВт (режага нисбатан 38 фоиз), Қашқадарё вилоятида 7,4 минг кВт ўрнига 1 минг 871 кВт (режага нисбатан 25 фоиз) қуёш панеллари ўрнатилган, холос.  

Қолаверса, Қашқадарё вилоятидаги 691 минг 570 та аҳоли хонадонида энергия тежовчи лампалар ўрнига қарийб 1 миллион  245 минг дона чўғланма лампалардан фойдаланиб келинмоқда. Бунинг натижасида йилига 60,3 миллиард сўмлик 204 миллион кВт электр энергияси тежалмай келинаётгани қайд этилди.  

Мажлисда барқарор ривожланиш соҳасидаги яна бир масала - кўп қаватли уйлар, маиший-хўжалик ва саноат корхоналаридан чиқадиган маиший оқова сувларини тозалаш бўйича Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида олиб борилаётган ишлар ҳолати кўриб чиқилди.  

Таъкидланганидек, Тошкент вилоятининг 16 туман ва шаҳрига 9 та, Тошкент шаҳрининг 12 туманига 3 та оқова сув тозалаш иншоотлари хизмат кўрсатади. Ушбу иншоотлардан 7 таси иш самарадорлиги бўйича талабга жавоб бермайди.  

Тозалаш иншоотларидан табиий муҳитга оқизилаётган оқова сувлардаги зарарли моддалар белгиланган меъёрдан ортиқ. Масалан, азот аммоний 2-3 марта, фосфоритлар 7 марта ва муаллақ моддалар 1,5 мартагача кўп.  

Юқоридагилардан келиб чиқиб, аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан қатор таклиф ва кўрсатмалар берилиб, аниқ вазифалар белгиланди.  

Жумладан,  ер ости сув манбалари сувининг сифати ҳолатини мунтазам кузатиб бориш, улардаги сув сифати ўзгаргани ҳамда ишлатилган сув миқдори ҳақида таҳлил қилиб бориш, ичимлик суви сифатида фойдаланиладиган муқобил сув манбаларини (булоқ, қудуқ, ҳовуз, ер ости сувлари ва бошқалар) қайта рўйхатдан ўтказиш ва улар захираларининг прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқиш каби вазифалар белгиланди.  

Шунингдек, “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш, республикага импорт қилинаётган қуёш панеллари нархларини таҳлил қилиш, ушбу маҳсулотни аҳоли учун қулай нархларда харид қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан қатор вазифалар топширилди.  

Муҳокама якунида Парламент комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.  

 

Н.Абдураимова,    

ЎзА