Банк-молия соҳаси мамлакат иқтисодиётининг муҳим таянчи ҳисобланади. У молиявий ресурсларни самарали тақсимлаш, инвестиция жараёнларини рағбатлантириш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашда катта ўрин тутади. Хусусан, тижорат банклари орқали аҳоли ва бизнес субъектлари ўртасида пул оқими таъминланади, стратегик лойиҳалар молиялаштирилади ва иқтисодий фаоллик рағбатлантирилади.
Соҳада амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва молиявий фаоллик юқори натижаларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Жорий йилнинг июнь ойида иқтисодиётга кредит қўйилмалари қолдиғи ҳажми 618,5 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,1 фоизга ўсди.
Бундан ташқари, тижорат банклари томонидан ташқи манбалардан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида жами 3,6 миллиард доллар маблағ жалб қилинди ва 2,3 миллиард долларлик 1,3 мингдан ортиқ лойиҳалар (қиймати 100 минг доллардан юқори) молиялаштирилди.
Бу кўрсаткичлар, эришилаётган натижалар белгиланган вазифаларнинг изчил ва мақсадли амалга оширилаётганидан дарак беради. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарма бошлиғи Сарвар Отаназаров қуйидагиларни маълум қилди:
– Давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йил декабрь ойида маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилиш бўйича ўтказилган йиғилишда банк тизими олдига муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан, 2025 йилда банклар томонидан ташқи манбалардан маблағ жалб қилиш ҳамда ушбу маблағларни иқтисодиётнинг турли соҳаларига йўналтиришни жадаллаштириш бўйича тегишли топшириқлар берилган эди.
Белгиланган вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Марказий банк ва тижорат банклари томонидан мақсадли кўрсаткичлар ишлаб чиқилди ҳамда уларни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар келишиб олинди.
Мазкур чоралар доирасида халқаро молия институтлари ҳамда Европа, АҚШ, Хитой ва Араб мамлакатларининг етакчи банклари билан музокаралар олиб борилди. Натижада маҳаллий банклар томонидан 100 тадан ортиқ битимлар имзоланди.
Шунингдек, 2025 йил март ойида Лондонда Ўзбекистон делегацияси (молия ва банк соҳаси вакиллари, йирик корхоналар) иштирокида “Ўзбекистон инвесторлар куни” форуми ташкил этилди. Тадбир доирасида 50 дан ортиқ инвестиция банклари, жамғармалар ва халқаро рейтинг агентликлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.
Форумда маҳаллий банклар ва йирик корхоналар томонидан тақдимотлар (ROAD SHOW) ўтказилиб, хорижий инвесторларга мамлакатдаги макроиқтисодий шароит ва инвестиция муҳити ҳақида батафсил ахборот берилди.
Айни пайтда банклар томонидан жалб қилинган 3,6 миллиард доллар маблағнинг қарийб 70 фоизи хорижий кредитор банклар (JP Morgan Chase, Emirates NBD bank, ICBC Standard Bank, China Development Bank, Landesbank ва бошқалар) ҳиссасига тўғри келди. Шу билан бирга, халқаро пул ўтказмалари 26,3 фоизга (8,2 миллиард доллар) ошгани қайд этилди.
Таъкидлаш жоизки, жалб қилинган ушбу маблағлар ҳисобидан банклар томонидан 2,3 миллиард долларлик 1 300 дан ортиқ йирик лойиҳалар (қиймати 100 минг доллардан юқори) молиялаштирилиб, улар саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларига йўналтирилди.
Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида кичик бизнес ва микролойиҳаларга молиявий ресурслар ажратиш кўлами кенгайди, янги иш ўринлари яратилди, маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажми ошди ва мамлакатнинг экспорт салоҳияти мустаҳкамланди.
Шу билан бирга, банк мижозларига хорижий молия институтларидан тўғридан-тўғри ресурслар жалб этишда амалий кўмак кўрсатиш ишлари ҳам бошланди.
Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда банклар тадбиркорларимизнинг ишончли ҳамкори ва молиявий таянчига айланиб, Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларни тўлақонли бажариш йўлида фаол ҳаракатни давом эттирмоқда.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.