Бугунги кунда Ўзбекистонда 5 минг 775 та балиқчилик хўжалиги мавжуд бўлиб, улардан 5 минг 600 таси сунъий сув ҳавзаларида (63 минг гектар) ва 175 таси табиий сув ҳавзасида (537 минг гектар) жойлашган.
АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Зилола Рўзиева балиқчилик соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар хусусида маълумот берди.
Қайд этилишича, жорий йилда балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган, умумий қиймати 870 миллиард сўм бўлган 234 та лойиҳа шакллантирилган.
Жумладан, Тошкент вилояти Янгийўл туманида давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган “Хоррот Фиш Хаус” унитар корхонаси томонидан умумий қиймати 60 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида ишлар амалга оширилган. 264 гектар майдондаги 45 та сунъий сув ҳавзаси қайта реконструкция қилиниб, аэратор мосламалари ўрнатилиши ҳисобига интенсивлаштирилган.
3,5 гектар майдондаги сунъий сув ҳавзасига Хитой технологияси бўлган “Файберглаз” ускунаси ўрнатилиб, 80 тонна балиқ етиштириш имконияти яратилган.
Шунингдек, Эрон технологияси асосида 300 дона интенсив бассейн ўрнатилиб, осётр балиқларини етиштириш қувватлари ишга туширилган, 12 нафар хорижий мутахассис жалб этилган. 5 гектар майдонда Экотуризм объекти ташкил этилган.
Бўстонлиқ туманида жойлашган "Шарқ балиғи" масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 2 миллион доллар бўлган интенсив усулда совуқ сув балиқларини етиштириш лойиҳаси ишга туширилди.
Бунда, Эрон технологияси асосида Ёпиқ сув айланма тизими (УЗВ)да форель балиқларини етиштириш ишлари ташкил этилди ҳамда 30 та янги иш ўринлари яратилди.
Наманган вилояти Учқўрғон туманида аҳолини балиқчилик соҳасига жалб қилиб, бандликни таъминлаган ҳолда даромадларни оширишга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан “Билолиддин софдил савдо”, “Рўзматов Шокиржон”, “Уч фиш сити” ҳамда “Учқўрғон йўловчи ташиш” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан Фаровон маҳалласидан оқиб ўтувчи ариқнинг 630 метр қисмида балиқ етиштириш лойиҳаси ишга туширилиб, 83 та аҳолининг бандлиги таъминланди.
Бундан ташқари Норин туманида жойлашган “Fishville Norin” масъулияти чекланган жамияти томонидан мелиоратив қудуқлардан олинаётган сув манбаидан самарали фойдаланган ҳолда давлат-хусусий шерикчилик асосида 5 та мелиоратив қудуқ атрофидаги 2-3 сотих ер майдонида интенсив усулда форель балиқларини етиштириш лойиҳаси ишга туширилди.
Ҳозирда вилоятдаги қолган мелиоратив қудуқ атрофида ҳам форель балиқларини етиштириш бўйича тадбиркорларга бириктириш ишлари амалга оширилмоқда.
Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги “Норҳамид бобо” масъулияти чекланган жамияти томонидан ҳосилдорлиги юқори бўлган славян методи асосида 20 та интенсив бассейн қурилиб, балиқ етиштириш ишлари ташкил этилди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, республикадаги мавжуд табиий сув ҳавза ресурсларидан янада самарали фойдаланиш мақсадида, қафас (садок) мосламаларини ушбу ҳавзаларга ўрнатиш орқали 1 метр куб сув ҳажмида 15-20 килограмм балиқ етиштириш ишлари ташкил этилмоқда.
Хусусан, Хоразм вилояти Тупроққалъа туманида жойлашган “Чегара” табиий сув ҳавзасига “Baqra aquatech” масъулияти чекланган жамияти томонидан диаметри 22 метр бўлган 34 дона океаник қафас мослама ўрнатилиб, карп балиқлари етиштирилмоқда.
Худди шундай, Қорақалпоғистон Республикасидаги Қаратерен кўлига 20 дона ҳамда Сурхондарё вилоятидаги Учқизил сув омборига 4 дона 20 метрлик океаник қафас ўрнатилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА