Мамлакатимизда таълим, тиббиёт, фармацевтика, муҳандислик, саноат каби турли соҳаларда самарали фаолият олиб бораётган аёллар кўпчиликни ташкил этади.
Хўш, бугун Ўзбекистонда аёлларнинг неча фоизи ўз ишига, даромадига эга? Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга қулай меҳнат шароитларини яратиш борасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилди?
Мазкур савол юзасидан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Зарифа Искандарова қуйидагиларни маълум қилди:
– Опа-сингилларимизни жамиятнинг тенг ҳуқуқли, фаол ва бунёдкор аъзосига айлантириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш бугуннинг долзарб вазифаларидан биридир, – дейди Зарифа Искандарова. – Айни дамда мамлакатимизда хотин-қизларнинг 44 фоизи ўз ишига, даромадига эга бўлиб, ишсиз аёллар бандлигини таъминлаш борасида ҳам бир қанча устувор вазифалар белгилаб олинган.

Статистикага эътибор қаратсак, ҳудудлардаги Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари томонидан 2023 йилнинг 10 ойи давомида 90 минг 336 нафар ишсиз хотин-қиз касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитилди. Уларнинг 29 минг 921 нафари ўзини ўзи банд қилиб, шундан 12 минг 585 нафари имтиёзли кредитлар билан таъминланди. 7 минг 188 нафар хотин-қиз ўз бизнесини бошлаш мақсадида тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, уларнинг 4 минг 373 нафарига тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилди. 26 минг 838 нафар хотин-қиз доимий иш ўринларига жойлаштирилди.
Ишлаш истаги бўлган 143 минг 487 нафар хотин-қизнинг 135 минг 342 нафари бандлиги таъминланишига кўмаклашилди. Касб-ҳунарга ўқиш ва ўрганиш истаги бўлган 41 минг 508 нафар хотин-қизнинг 41 минг 165 нафари касб-ҳунарга ўқитишга йўналтирилди.
Алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, мавжуд қонунчиликка кўра, маҳаллаларда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш марказларини очган тадбиркорларга давлат гранти ажратилиб, 1 нафар аёл учун 3 миллион сўмдан ошмаган миқдорда пул тўланади. Маблағлар Оила ва хотин-қизлар жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилган. Меҳнатга лаёқатли, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни иш билан таъминлаган иш берувчилар учун 6 ой давомида ҳар ойда БҲМнинг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдорда субсидия ажратилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА