Бош қомусимизда инсон ва фуқаро ҳуқуқ ҳамда эркинликларининг давлат томонидан ҳимоя қилиниши, ҳар бир шахсга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланган. Ҳар ким ўз хоҳишига кўра адвокат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Шу билан бирга, Конституциянинг 142-моддасига кўра, адвокат, унинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади ва қонун билан муҳофаза қилинади.
Фаолияти конституциявий даражада ҳимояланган соҳа вакиллари жисмоний ва юридик шахсларга профессионал юридик ёрдам кўрсатишда алоҳида ўрин тутмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасида “Ҳуқуқий жамиятда аёл адвокатларнинг ўрни ва таъсири” мавзусида ўтказилган форумда шу ҳақда сўз юритилди.
Адвокатлар палатаси ва палата ҳузуридаги “Аёл адвокатлар альянси” томонидан ўтказилган тадбирда иштирокчилар “Аёл адвокатлар альянси” ташкил этилганини қўллаб-қувватлаб, бу тузилма бугунги кунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган минг нафардан ортиқ аёл адвокатлар ишлари самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутишини қайд этди.

– Альянснинг асосий мақсади адвокатура институтини янада ривожлантириш ва нуфузини оширишга кўмаклашиш, – деди “Аёл адвокатлар альянси” бошқаруви раиси Алия Юнусова. – Аёл адвокатларнинг касбий тайёргарлиги ва малакасини ошириш қўллаб-қувватланади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, ногиронлиги бўлган шахслар, ижтимоий ёрдамга муҳтожлар ва болаларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда аёл адвокатлар роли кучайтирилади.

Альянс аёл адвокатларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, жамиятдаги фаоллигини ошириш, адвокатура фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади.
Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан аёллар, болалар ва ижтимоий ёрдамга муҳтож шахслар ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлайди.
Адвокатлар палатаси раиси Шуҳрат Содиқов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори, элчи Антти Карттунен, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Рехина Мария Кастижио, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Умида Абдуллаева ҳамда адвокатлар иштирок этган тадбирда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда адвокатлар мақомини ошириш, адвокатлик фаолияти учун зарур шароитлар яратиш, адвокатура институтини ривожлантириш ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.
Тадбирда аёл адвокатларнинг жамиятдаги ўрни, ҳуқуқий фаолияти ва ташаббусларини мустаҳкамлаш мақсадида ўзаро тажриба алмашилди. Янги лойиҳалар муҳокама қилинди. Соҳани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА