“Формула-1” тажрибаси миллий автоспорт ривожи учун муҳим
Пойтахтимизда автоспорт мухлислари ва Ўзбекистон миллий автоспорт ва картинг федерацияси мутахассислари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди. Суҳбатда “Формула-1” мусобақаларини бошқаришда қатнашган тажрибали, халқаро амалиётда ўз маҳоратини синовдан ўтказган маршаллар сўзга чиқиб, ҳакамлик жараёни, турли қизиқарли лаҳзалар ҳақида гапириб берди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон автоспортида “маршал” тушунчаси 20 йил аввал умуман мавжуд бўлмаган. 2006 йилдан буён шу соҳада фаолият юритаётган Ўзбекистон миллий автоспорт ва картинг федерацияси Ралли қўмитаси раиси Алим Аҳмаджонов фикрича, мамлакатимизда профессионал ҳакамлик тизими, стюардлар институти ва маршаллар тайёрлаш тизими сўнгги йиллардагина шакллана бошлади. Бу борада федерация томонидан амалга оширилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этади.

Федерация ҳакамларни нафақат ички, балки халқаро тадбирлар учун ҳам тайёрлаш, ўқитиш ва бунинг учун зарур ҳужжатларни расмийлаштиришга кўмаклашмоқда. Кўплаб мамлакатларда маршаллар, одатда, халқаро мусобақа ташкилотчиларига шахсан мурожаат қилишига тўғри келади.Мамлакатимизда эса ушбу жараён федерация назоратида тўлиқ қўллаб-қувватланади. Айни ҳолат ҳакамларнинг самарали фаолиятини таъминлашга бевосита ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Маршаллик – тинимсиз меҳнат, интизом ва кучли масъулият
“Формула-1”да ишлаш тажрибасига эга мутахассислар фаолияти давомида ўзлари дуч келган воқеалар билан ўртоқлашаркан, маршаллик қатъият ва масъулият талаб қилишини алоҳида таъкидладилар. Уларнинг айтишича, халқаро гран-при турнирларида ишлаш осон эмас: кун тартиби бўйича эрталаб соат 3-4 дан кечгача давом этадиган ўта зич жадвал асосида ишланади.
Табиийки, халқаро ҳакамларга эътибор ҳам шунга яраша: махсус имтиёз, бепул трансфер, мухлислар ва томошабинлар ҳурмати ва ҳоказо. Бу жараёнга қизиқишни янада оширади.
Нетворкинг ва жамоавий муҳит ҳам автоспортнинг ажралмас қисмидир
Маршал сифатида халқаро мусобақаларда қатнашиш мутахассисларимизга нафақат тажриба орттириш, балки кенг қамровли профессионал алоқа ўрнатиш имконини ҳам беради. Жуда кўп мамлакатлардан келган ҳамкасблар билан бирга ишлаш, улар билан дўстона муносабатга киришиш, тез-тез учрашиб туриш автоспорт жамоасини глобал тармоққа айлантирган.
“Формула-1” мухлислари орасидаги ўзаро ҳурмат ва жипслик алоҳида эътирофга лойиқ ҳолат. Спортчилар ва иштирокчилар фикрича, автоспорт одамларни бирлаштиради, турли жамоалар мухлислари ўртасида ҳам ижобий муҳит сақланади. Бу автоспортнинг бошқа оммавий спорт турларидан фарқи сифатида қайд этилади.
Федерациямиз фаолияти – ноёб амалиёт
Юқорида айтиб ўтилганидек, республикамизда маршалларни халқаро мусобақага юбориш бўйича мутлақо ўзгача, тизимли ва самарали амалиёт йўлга қўйилган. Бу жараён, аввало, спортчи ва техник мутахассисларнинг халқаро аренага чиқишини осонлаштиришга қаратилгани билан ажралиб туради. Номзодларни танлаш ва мусобақага жўнатиш масъулияти бевосита федерация зиммасида. Маршаллар мавжуд тажриба, фаоллик, маҳаллий мусобақалардаги кўникма каби омиллар орқали сараланади. Тегишли рўйхат халқаро ташкилотларга федерация номидан расмий хат билан юборилади.
Барча зарур лицензия, расмий ҳужжат, тасдиқ хатлари федерация томонидан тайёрланади. Яъни, номзодлар вақтини беҳуда сарфламай, асосий эътиборини мусобақага тайёргарликка қаратиши учун шароит яратилади.
Яна бир муҳим жиҳат бор: федерация орқали юборилган номзодларнинг халқаро мусобақага қабул қилиниши, деярли, кафолатланган. Бошқача айтганда халқаро ташкилотлар федерациянинг расмий тавсиясини ишончли асос сифатида қабул қилади ва мазкур тартиб ўзаро ҳамкорлик янада мустаҳкамланишига хизмат қилади. Бундай тизим дунё амалиётида кам учрайди ва мамлакатимизда автоспорт соҳасига давлат даражасида эътибор ортиб бораётганини кўрсатади.
Мусобақалар тақвими кенгайиб, инфратузилма янгиланмоқда
Декабрь ойига белгиланган икки йирик мусобақа – Жимхана бўйича Осиё чемпионати финал босқичи ва ралли бўйича миллий турнир соҳа ривожи йўлида навбатдаги дадил қадам сифатида баҳоланяпти. Мазкур тадбирлар орқали нафақат спортчилар маҳорати, балки бутун ташкилотчилик тизими самарадорлиги яна бир бор намоён бўлади. Мусобақалар маҳаллий маршаллар учун муҳим амалиёт майдонига айланади. Авваллари бундай имконият бўлмаган. Эндиликда ҳакамлар малакасини ошириш, таниқли хорижлик мутахассислар билан тажриба алмашиш орқали келгуси мусобақаларда янада масъулиятли вазифаларни бажариш учун замин яратилади.
Юртимизда автоспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, жумладан замонавий автодром барпо этиш масаласи ҳам диққат марказида турибди. Бундай иншоот вужудга келиши нафақат миллий мусобақаларни мунтазам ўтказиш, балки халқаро турнирлар – “Formula-4”, “Asia Cup” каби FIA шафелигида ўтадиган миньтақавий мусобақаларни мамлакатимизда қабул қилиш имкони пайдо бўлади.
Жамоатчилик билан навбатдаги мулоқот шуни кўрсатдики, Ўзбекистон автоспорти янги босқичга чиқмоқда. Федерaциянинг тизимли иши, ёшларни қўллаб-қувватлаш сиёсати, халқаро ҳамкорлик ва ташкилий имкониятлар кенгайиши яқин йилларда мамлакатимизда автомобил спорти турлари янада оммалашишига замин яратиши шубҳасиз.
Автоспорт – шунчаки тезликни ҳис этиш эмас, балки ташкилий, техника ва инсон омилига боғлиқ мураккаб тизим. Мулоқот давомида билдирилган фикрлар Ўзбекистон айнан шундайтизим барпо этиш йўлида дадил қадам ташлаётганини тасдиқлади.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА