Ўзбекистонда атом энергияси соҳаси бўйича олиб борилаётган ишлар тақдимот қилинди
Хабар қилинганидек, Австриянинг Вена шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқаро атом энергияси агентлиги бош конференциясининг 68-сессиясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда.
Унда «Ўзатом» агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев Ўзбекистонда атом энергияси соҳасида амалга оширилган ишлар ва келгусида режалаштирилган дастурлар юзасидан тақдимот қилди.
Шунингдек, ушбу тадбир доирасида «Ўзатом» агентлиги раҳбарияти ҳамда Франциянинг “Framatome”, “Assystem” компаниялари, Хитой миллий ядро корпорацияси (CNNC), «Росатом» давлат корпорацияси делегациялари ўртасида ишчи учрашувлар ташкил этилди.
«Ўзатом» агентлиги ахборот хизматига кўра, ушбу учрашувларда ядро фани, ядро технологиялари ва уларнинг қўлланилиши борасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.
Сессия ўз ишини эртага ҳам давом эттиради.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА