Тошкент давлат техника университетида «Энергия самарадорлик-2021. Жаҳон ва Ўзбекистон энергетикаси ривожланишининг истиқболли йўналишлари» (халқаро мутахассислар иштирокида) мавзусида республика илмий-техник конференцияси ўтказилди.
Анжуманда Олий ва ўрта махсус таълим соҳасида фаолият кўрсатувчи профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар, докторантлар, мустақил изланувчилар, соҳа мутахассислари, магистрант ва бакалавриат талабалари иштирок этди.
Мазкур анжуман «Иссиқлик электр станциялари» АЖ ҳомийлигида ўтказилиб, уни ўтказишдан асосий мақсад - электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш ҳамда ундан оқилона фойдаланиш борасида мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва бартараф этиш борасида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ва олинган натижалар ҳамда электр энергетикаси соҳаси учун кадрлар тайёрлаш масаласи бўйича тажриба алмашишдан иборат.
Анжуманда энергетиканинг жорий ҳолати ва истиқболлари, энергия-самарадорлик, энергетика рақамли технологияларнинг қўлланилиши, энергия ва ресурс тежаш, иссиқлик энергетикаси, электр энергетикаси ва сув-энергетика муаммолари, атом энергетикаси, муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергетиканинг экологик муаммолари йўналишларида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари муҳокама қилинди.
Мазкур анжуманнинг аҳамияти энергетика тизими учун Ўзбекистонда атом электростанциясининг қурилиши билан боғлиқ.
Энергетиклар олдига 2030 йилга бориб электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажмини 120 млрд. кВтс.га етказиш вазифаси қўйилган. Бу эса бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган 70 млрд. кВтс.дан икки маротаба кўп демакдир. Вазифа атом электростанциясини қуриш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш орқали ечилиши мумкин. Энергетика тизимидаги бу каби ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонлари, қарорлари ва қонунлар асосида амалга оширилмоқда.
Анжуман ишида Ўзбекистонда атом энергетикасини қўллаш масалаларини кўриб чиқишга алоҳида урғу берилди. Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб ўз атом электростанциясига эга бўлган давлат бўлади. Бу йирик лойиҳани амалга оширишнинг энергетик ва иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги фақатгина арзон электроэнергия бўлмасдан, саноат корхоналари ва мамлакатнинг барча саноат тармоқлари қурилажак атом станциясида ишлайди. АЭСнинг қурилиши унинг объектларига хизмат қилувчи юқори малакали мутахассисларни тайёрлашни талаб этишини ҳисобга олиб, мамлакатда таълим сифатининг ошишига ҳам хизмат қилади. Бу эса Ўзбекистонда энергетик муаммоларнинг инқилобий ечими бўлиб ҳисобланади.
Анжуман иши қуйидаги йўналишлар бўйича ташкил этилди:
1.Ёқилғи-энергетика комплексини глобал транформациялашда янги ёндашувлар, энергия самарадорлиги, энергия ва ресурс тежамкорлиги.
2. Инновацион электр энергетика: детсентрализация, рақамлаштириш, интеллектуаллаштириш, декарбонизация.
3. Замонавий иссиқлик энергетикаси: фан ва амалиёт масалалари.
4. Қайта тикланувчи, атом ва водород энергетикаси асосида энергетик тизимлар: ишлатилиши, модернизацияси, ривожланиши.
Анжуманнинг бу йилги иштирокчилари сони 150 нафарни ташкил этган бўлиб, уларнинг 20 нафардан ортиғи МДҲ давлатлари ва хорижий мамлакатлар иштирокчиларини қамраб олди. Жумладан, Германия, Россия, Қозоғистон, Япония, Беларусь, Жанубий Корея давлатларидан соҳанинг етакчи олимлари илмий маърузалари билан иштирок этдилар.
Анжуман ишида Энергетика вазирлиги тизимидаги корхоналар, Фарғона, Навоий, Қарши, Бухоро ва Тошкент, Термиз, Олмалиқ, Қўқон олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, магистр ва талабалари ZOOM иловаси ёрдамида иштирок этишди.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА