Тошкентда инфратузилмани ривожлантириш ва “ақлли шаҳар” технологияларини жорий этишга бағишланган Ўзбекистон – Япония бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган, давлат идоралари, ишбилармон доира ва эксперт ҳамжамияти вакилларини бир майдонга жамлаган мазкур тадбир томонларга инвестиция ва технология ҳамкорлиги истиқболини фаол муҳокама қилиш имконини яратди.
Япония Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм вазири ўринбосари Терада Ёшимичи бошчилигидаги делегация иштирок этган анжуман давомида икки давлат шериклигининг жорий ҳолати ва истиқболи муҳокама қилинди. Қайд этилишича, бугунги кунда стратегик шериклик даражасига кўтарилган ўзаро муносабат изчил ривожланмоқда. 2025 йил якунига кўра, ўзаро савдо қиймати 400 миллион долларга яқинлашди. Сўнгги саккиз йил мобайнида юртимизда фаолият юритаётган япон компаниялари сони ўн баробар ортиб, 130 га яқин корхона ташкил этилди.
Бизнес-форум доирасида инфратузилмани такомилллаштириш, шаҳар бошқарувига илғор технологияларни олиб кириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, интеллектуал транспорт тизимини ривожлантириш, сув таъминоти ва оқова сув тизимини модернизация қилиш, шаҳар муҳити мониторингига рақамли платформаларни жорий этиш, жамоат транспортини ривожлантириш ҳамда барқарор шаҳарсозлик йўналишида қўшма лойиҳалар амалга ошириш имконияти кўриб чиқилди.
[gallery-27971]
Шунингдек, республикамизнинг инфратузилма ва “ақлли шаҳарлар” соҳасидаги инвестиция салоҳияти, жумладан транспорт тугуни ва йўл ҳаракатини бошқариш, замонавий сейсмик технологияни қурилиш жараёнига татбиқ этиш бўйича лойиҳалар тақдим этилди. Айни йўналишларда хорижий экспертлар ва япон компаниялари вакиллари ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.
– Мазкур йўналишда учинчи бор қўшма форум ўтказяпмиз, – деди Терада Ёшимичи. – Тадбирлар давомида сифатли инфратузилма яратиш бўйича илғор тажриба, замонавий технология билан ўртоқлашилмоқда. Япония иншоотларни нафақат қуриш, балки сақлаш ва бошқаришга ҳам алоҳида эътибор қаратади. Биз мавжуд анъаналаримиз асосида Ўзбекистон шаҳарларини нисбатан қисқа муддатда замонавий манзара касб этишида кўмаклашамиз. Ўтган йил декабрь ойида Токиода ўтказилган “Марказий Осиё – Япония” саммитида “ақлли шаҳар” лойиҳаси бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Ўша келишув натижаси ўлароқ, бугун шериклигимиз аниқ амалий ҳаракат босқичига кўчди. Ўзбекистонда 2025 молия йилида икки муҳим лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Биринчиси – япон стартап компанияси томонидан смартфон ёрдамида йўлни текшириш ва йўл хўжалиги бошқарувини замонавий, рақамли услубга ўтказиш. Иккинчиси – мазкур анжуман доирасида келишилаётган Тошкент темир йўл вокзали атрофидаги транспорт боғлами, поезд ва автобус қатновини ўзаро уйғунлаштириш, тизим самарали бошқарилишига эришиш. Умуман, мазкур тадбир Ўзбекистон – Япония алоқаларини мустакамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Форум якунида томонлар инфратузилма, шаҳарсозлик ва инновация соҳаларида инвестиция ҳамкорлигини чуқурлаштириш, янги қўшма лойиҳаларни илгари суриш ҳамда кун чиқар юрт компанияларининг диёримизда замонавий шаҳар тизимини ривожлантириш бўйича иштирокини кенгайтиришдан манфаатдорликларини тасдиқладилар.
Таъкидланганидек, ушбу йўналишлардаги ҳамкорлик ўзаро муносабатни янги амалий босқичга олиб чиқиш орқали барқарор иқтисодий ривожланиш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Гўзал Сатторова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА