Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда амалга оширилган синовлар дунёнинг 116 та давлатида тан олинишига эришилди
13:03 / 2022-10-01

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДУК нуфузли ташкилот – Лабораториялар аккредитацияси бўйича халқаро ҳамкорлик (ILAK)нинг тўла ҳуқуқли аъзоси сафига қабул қилинди. ISO/IEC 17011:2017 стандарти талаблари ҳамда ILAC тартиб-таомилларига мувофиқ O’zAKK, ISO/IEC 17025 синов, ISO/IEC 17025 калибрлаш соҳаларида Аккредитация натижаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги кўп томонлама Битимга қўшилди. Бунинг натижасида Ўзбекистонда амалга оширилган синовлар дунёнинг 116 та давлатида тан олинишига эришилди.

Шунингдек, жорий йилнинг 28 сентябрь куни эса яна бир нуфузли ташкилот, Халқаро аккредитация форуми – IAFнинг тўла ҳуқуқли аъзоси сафига қабул қилинди ва IAF тартиб-таомилларига мувофиқ ISO/IEC 17065 маҳсулотни сертификатлаштириш ISO/IEC 17021-1 менежмент тизимини сертификатлаштириш соҳаларида Аккредитация натижаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги кўп томонлама Битимга қўшилди. 

Бу аъзолик давлатлар учун нима беради? 

– Аъзо ва кўп томонлама битимларга қўл қўйган давлатлар бир-бирининг маҳсулот сифати синовларини ўзаро тан олади, – дейди “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДУК директори Ансабхон Закиров. – Яъни, “бир маротаба синовдан ўтказиб, бутун дунёда тан олиш” тамойилига кўра иш юритади. Бу эса, ўз навбатида, бозорларга эркин кириб бориш имкониятини беради. Шунингдек, мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар товар ва хизматларининг сифати хорижий давлатлар иқтисодиёти ва жамияти талаби даражасида бўлишига, сифат кўрсаткичининг юқорилиги билан ишонч қозониб, савдодаги техник тўсиқларни бартараф қилишга ёрдам беради.  

[gallery-9001]

Ушбу натижага эришиш учун марказ ўз фаолиятини тубдан халқаро стандартларга мослаштириш, халқаро миқёсда талаб қилинадиган барча вазифаларни бажариш, битимларга аъзо бўлган давлатнинг тажрибаларини ўрганиш, халқаро тоифадаги экспертлар билан семинар ва маҳорат дарсларини ташкил қилиб, фаолиятни янада такомиллаштиришга эътибор қаратди. Мутахассисларнинг малакаси оширилди, лаборатория ходимлари учун ҳам қатор ўқув-машғулотлари олиб борилди. 

Эътиборли жиҳати шундаки, жорий йилнинг январь ойидан март ойига қадар 8 нафар халқаро эксперт (Гонконг, Ҳиндистон, Тайван, Эрон, Малайзия, Шри-Ланка, Филиппин, Индонезия) “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДУК фаолиятини баҳолашдан ўтказиб, хулосаларини берди. Умумий ҳисобда марказ фаолияти қониқарли баҳоланиб, камчиликлар борасида тавсиялар берилди. Ушбу камчиликлар атрофлича ўрганилиб, бартараф этилди ва натижалар ёзма равишда халқаро ташкилотларга тақдим этилди. 

O’zAKK Лабораториялар аккредитацияси бўйича халқаро ҳамкорлик (ILAK) ва Халқаро аккредитация форуми (IAF) билан ўзаро ҳамкорликка муҳим аҳамият қаратади ва ушбу нуфузли ташкилотлар билан алоқалар Ўзбекистон миллий аккредитация тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. 

ILAKга аъзо бўлиш аккредитация тизимининг халқаро стандартлар асосида ишлашининг кафолатидир. 

Миллий матбуот марказида “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДУК томонидан ўтказилган матбуот анжуманида Халқаро лабораторияларни аккредитациялаш ҳамкорлиги (ILAC) 4 та йирик минтақавий идорадан (Европа, Марказий Америка, Африка ва Осиё Тинч океани) ташкил топгани қайд этилди. Бугунги кунда дунёнинг 116 та давлати аккредитация идораси ташкилотнинг тўла ҳуқуқли аъзолари ҳисобланади.

Халқаро аккредитация форуми (IAF) дунёнинг 88 та давлатидаги 75 та аккредитация идорасини ўз таркибига олувчи йирик халқаро ташкилот. Ташкилотнинг тўла ҳуқуқли аъзолари IAF MLA – Баҳолаш натижаларини ўзаро тан олиш Битимига қўшилиш ҳуқуқига эга бўлади. Битим доирасида 11 мингдан ортиқ сертификатлаштириш органларининг баҳолаш натижалари (сертификатлари) ўзаро тан олинади. 


Шаҳноза Маматуропова, ЎзА