English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар хорижий экспертлар нигоҳида
17:50 / 2025-12-28

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар хорижий экспертлар, халқаро таҳлил марказлари ва илмий доираларда изчил ўрганилмоқда.

Ташқи кузатувчилар мамлакатни Марказий Осиёда барқарорликни сақлаган ҳолда очиқлик ва модернизацияга йўналган давлат сифатида баҳоламоқда. Бу баҳолар алоҳида сиёсий баёнотлар эмас, балки институционал ҳисоботлар, илмий асарлар ва муаллифлик таҳлиллари асосида шаклланган.

Давлат бошқарувида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида халқаро экспертлар Ўзбекистон танлаган йўлни эволюцион ва бошқариладиган модернизация деб баҳолайдилар. Жаҳон банки ҳужжатларида (World Bank, Uzbekistan Country Partnership Framework 2022-2026) давлат хизматларини рақамлаштириш, маъмурий жараёнларни қисқартириш ва ҳисобдорлик механизмларини жорий этиш давлат бошқаруви самарадорлигини ошираётгани қайд этилган. Банк экспертлари мамлакатда ислоҳотлар “инқилобий ўзгаришлар” орқали эмас, балки институтларни босқичма-босқич мустаҳкамлаш орқали амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаган.

Шу нуқтаи назар Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)нинг Public Governance Review: Uzbekistan (2023) ҳисоботида ҳам ўз аксини топган. ИҲТТ экспертлари парламент ва маҳаллий кенгашлар ролининг изчил кучайиб бораётганини, қарор қабул қилиш жараёнларида натижага йўналтирилган бошқарув модели шаклланаётганини ижобий тенденция сифатида баҳолаган.

Қайд этиш лозимки, бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 февралдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2025 йил 23 июндаги ПФ-98-сон Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси” халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини самарали трансформация қилиш, уларнинг Олий Мажлис Сенати ва бошқа давлат органлари билан ҳамкорлигини ривожлантириш, маҳаллий Кенгашлар фаолиятида жамоатчиликнинг кенг иштирокини таъминлаш, шунингдек пировардида ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатлари тақсимланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги моделини тўлиқ амалга оширишга оид ҳаракатлар фаол давом эттирилмоқда.

Фуқаролик жамияти ривожи масаласида ҳам хорижий экспертлар Ўзбекистонда жамоатчилик билан мулоқот механизмлари институционал тус олаётганини қайд этмоқда. Жумладан, Bertelsmann Stiftung томонидан тайёрланган Bertelsmann Transformation Index – Uzbekistan Country Report (2024)да мамлакат “давлат-жамият мулоқотини шакллантириш босқичидаги давлат” сифатида таърифланади. Ҳисобот муаллифлари очиқ муҳокамалар, жамоатчилик кенгашлари ва ахборот майдонидаги фаоллик давлат қарорларининг ижтимоий қабул қилинишини ошираётганини таъкидлаган.

БМТ тизимидаги таҳлилларда ҳам шунга ўхшаш қараш мавжуд бўлиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД)нинг Governance for Inclusive Development in Uzbekistan (2023) ҳисоботида фуқаролик институтлари билан ҳамкорлик инсон ҳуқуқлари, ижтимоий ҳимоя ва гендер тенглиги соҳаларида ислоҳотларнинг узоқ муддатли самарасини таъминлаётгани қайд этилган.

Бу борада “Diplomatic World” институти эксперти Альберто Туркстра қисқа вақт ичида Ўзбекистонда кечган трансформация жараёнлари, айниқса, фуқаролик жамияти соҳасидаги сезиларли ўзгаришлар, ислоҳотларнинг амалдаги самарасини яққол намоён этаётгани, мамлакат ЕИ ва бошқа мамлакатларнинг илғор тажрибаларини ўргангани, аммо уларни кўр-кўрона кўчириб олмаганини таъкидлаб, ислоҳотлар миллий давлатчилик анъаналари, менталитет ва маҳаллий эҳтиёжлардан келиб чиқиб мослаштирилгани уларнинг ҳаётийлигини таъминлашга хизмат қилишини қайд этган.

Иқтисодий жараёнлар борасида Халқаро валюта фонди (ХВФ)нинг Article IV Consultation ҳисоботларида (2022-2024) Ўзбекистон иқтисодиёти “ислоҳотлар ҳисобига барқарор ўсишни сақлаб қолаётган иқтисодий модель” сифатида баҳоланган. ХВФ экспертлари бюджет интизоми, бозор механизмларига ўтиш ва ижтимоий харажатлар ўртасидаги мувозанатни мамлакат сиёсатидаги муҳим ютуқ деб ҳисоблайди.

Жаҳон банки эса мамлакатнинг камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурларини Марказий Осиёда энг тизимли ёндашувлардан бири сифатида эътироф этган.

Ташқи сиёсат масаласида ҳам Ўзбекистоннинг позицияси етакчи таҳлил марказлари томонидан изчил баҳоланиб келинмоқда. Нуфузли “ақл марказ”ларидан бўлган “Chatham House”нинг Central Asia: Uzbekistan’s Regional Role (2023) таҳлилида мамлакат ташқи сиёсати “мувозанатли, кўп векторли ва конструктив” деб таърифланган. Экспертлар Ўзбекистонни минтақавий барқарорликни таъминлашга қаратилган ташаббуслар билан чиқувчи давлат сифатида кўради.

Шунингдек, “Carnegie Endowment for International Peace” таҳлилчиси Темур Умаров ўзининг мақоласида мамлакат ташқи сиёсатини иқтисодий манфаатлар ва ички барқарорлик билан уйғунлашган прагматик модель сифатида баҳолаган.

Бундан ташқари, покистонлик сиёсатшунос Муҳаммад Аббос Хон Ўзбекистонда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар ва ислоҳотларга концептуал ва цивилизацион ёндашувни илгари сурган бўлиб, унинг “Ўзбекистон: Учинчи ренессанс – тараққиёт концепти”асарида Ўзбекистондаги ислоҳотлар миллий тарих, маънавий мерос ва замонавий давлат бошқарувини уйғунлаштирган тараққиёт модели сифатида талқин қилинган.

Муаллифга кўра, ислоҳотлар “шок терапияси” орқали эмас, жамият психологиясини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда. Давлат ва жамият ўртасида янги ижтимоий келишув шаклланмоқда, ташқи сиёсатда можаролардан холи, иқтисодий дипломатияга таянган ёндашув устувор аҳамият касб этмоқда.

Шу билан бирга, Аббос Хон Ўзбекистонни “Марказий Осиё, Ислом олами ва Жанубий Осиё ўртасидаги стратегик боғловчи ҳалқа” сифатида таърифлаб, мамлакатда илгари сурилаётган “Учинчи Ренессанс” ғоясини миллий тараққиётнинг узоқ муддатли концепти сифатида кўрсатган.

Умуман олганда, хорижий экспертлар — халқаро молия институтлари, таҳлил марказлари ва мустақил олимлар фикрлари шуни кўрсатадики, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар барқарорлик, эволюцион ислоҳотлар ва очиқ ташқи сиёсат уйғунлигида ривожланмоқда. Давлат бошқарувида институционал модернизация, фуқаролик жамиятида ижтимоий мулоқотнинг кенгайиши, иқтисодиётда ижтимоий йўналтирилган ўсиш ва ташқи сиёсатда мувозанатли ёндашув мамлакатни минтақада ишончли ва масъулиятли шерик сифатида намоён қилмоқда.

Дилнур Аъзамов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази эксперти