* Ўтган бир йил ичида 127 млрд. сўмлик алимент пуллари ундирилди, 6,5 млрд. сўмлик уй-жой ва 1,6 миллиард сўмлик транспорт воситаси алимент учун олдиндан тўлов сифатида берилиши таъминланди.
Белгиланган қонунчиликка кўра, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида ҳам ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги белгилаб қўйилган.
Афсуски, жамиятимизда оила қадриятларига юзаки ёндашиш, ўзаро келишмовчиликлар оқибатида оилаларнинг ажралиши ҳолатларини йилдан-йилга ўсиши ўз навбатида, алимент ундиришга доир ижро ҳужжатлари сонининг ортиб кетишига олиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов томонидан алимент мажбуриятларини ижро этиш ва тизимга оид ишлар хусусида маълумот тақдим этилди.
Қайд этилишича, 2015 йилда алимент ва моддий таъминот ундирувлари бўйича жами 207 мингта ижро ҳужжати мавжуд бўлган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 402 мингтани ташкил этиб, кейинги 6 йил давомида иш юритувдаги алимент бўйича ҳужжатлар 94 фоизга ўсганлигини кўрсатмоқда. Бугунги кунда Бюро органлари иш юритувида 300 мингдан ортиқ алимент ва моддий таъминот ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатлари мавжуд бўлиб, ҳар бир давлат ижрочисига ойига ўртача 120 тадан шу тоифадаги ижро ҳужжатлари тўғри келмоқда ёки содда қилиб айтганда, келиб тушаётган 193 мингдан ортиқ мурожаатларнинг 116 мингдан зиёди (60,1 фоизи) алиментга оид мурожаатлардир.
Республиканинг бошқа ҳудудларида алимент тўловларини ўз вақтида тўламаслик ҳолатлари ўрганиб чиқилганида асосан ишсиз ота ёки онанинг алиментдан қарздорлиги мавжудлиги аниқланган. Мутахассиснинг таъкидлашига кўра, ишсизлик оқибатида алиментни тўламаган шахсларни давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда имконият даражасида ишга жойлаш чоралари кўрилди. Натижада 47 минг 500 дан ортиқ (шундан 1,7 мингтаси январь ойида) алимент тўловчилари бандлиги таъминланиб, ундирув уларнинг иш ҳақларига қаратилди.
Мавжуд муаммоларга ўзгача ёндашиб, алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари юзасидан бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда олиб борилган амалий тадбирлар самараси ўлароқ, 23 минг 300 дан ортиқ оилалар яраштирилди. Моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 127 млрд. сўмлик алимент пуллари ундирилди, 6,5 млрд. сўмлик (50 та) уй-жой ва 1,6 миллиард сўмлик (20 та) транспорт воситаси алимент учун олдиндан тўлов сифатида берилиши таъминланди.
Бугунги кунда алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизимига 295 минг алимент олувчи ҳамда тўловчи шахслар ҳақидаги маълумотлар киритилган бўлиб, улар бемалол ижро ҳаракатларини “онлайн” режимда танишиб боришлари мумкин.
Таҳлилларга кўра, 2021 йил давомида алиментни ўз вақтида тўламаган қарздорларга нисбатан 8.345 та маъмурий ва 591 та жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда ҳам алимент олувчи фуқаролар номига банк ҳисоб-варағи очилиб, уларга 146 мингдан ортиқ пластик карточкалар тарқатилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА