Йод инсон ҳаётидаги энг зарур микроэлементлардан биридир. Йод танқислиги натижасида келиб чиқадиган қалқонсимон без касалликлари дунёдаги энг кўп тарқалган ноинфекцион касалликлардан саналади.
ЖССТ маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг учдан бир қисмидан кўпроғида йод танқислиги касаллиги ривожланиш хавфи юқори.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда йод танқислиги билан боғлиқ касалликларга чалиниш хавфи бўлмаган ҳудуд йўқ. Негаки, республиканинг шу кунгача ўрганилган барча ҳудудларида аҳоли рационида йод танқислиги мавжудлиги кузатилган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова АОКАда ўтказилган брифингда таъкидлаганидек, йод танқислиги касаллигининг олдини олишнинг асосий йўли ош тузини йодлаш ҳисобланади.
– Республика бўйича ҳудудларда 56 та йодланган ош тузини ишлаб чиқариш корхоналари ва 46 та уларни қадоқлаш цехлари фаолият юритиб келмоқда, – деди М.Саидова. – Жорий йилнинг 6 ойи давомида 12 та йодланган ош тузини ишлаб чиқариш корхоналарида ўтказилган текширишлар давомида 1563 кг. 720 гр. калий ёдид захираси мавжудлиги аниқланди. Ушбу текширишлар давомида лаборатория таҳлиллари учун олинган 39 та намуналардан 4 та намуна белгиланган меъёрларга жавоб бермагани сабабли, қайта йодлашга юборилди.
2024 йилнинг ўтган даври давомида 350 та мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, даволаш профилактика муассасалари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларидан олинган 3005 та йодланган ош тузи намуналардан 1123 (37 фоиз) таси белгиланган меъёрларга жавоб бермади. 54367 кг. ош тузи маҳсулоти қайта йодлаш учун ишлаб чиқариш корхоналарига қайтарилди.
Олиб борилган тадбирлар натижасида бироз ижобий тенденция кузатилиши бошланди. Хусусан, ўтган давр мобайнида таркибида йод миқдори кам бўлган ёки умуман бўлмаган ош тузи намуналари миқдори 20 фоизгача камайган.
Фурсатдан фойдаланиб, йодланган ош тузини харид қилишда нималарга эътибор бериш кераклигини таъкидлаб ўтмоқчиман. Йодланган ош тузининг ким томонидан, қачон ишлаб чиқарилгани ва истеъмолга яроқли муддатига эътиборли бўлиш лозим. Ҳар бир оиланинг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда кераклигича харид амалга оширилиши мақсадга мувофиқ. Истеъмол учун харид қилинган ош тузи уй шароитида ёруғлик тушмайдиган идишларда сақланишига эътибор қаратишингизни тавсия қиламиз, – деди Мафтуна Саидова.
Моҳигул Қосимова, ЎзА