Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Aҳолишунослик жамғармаси(UNFPA) томонидан “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти ҳамда Вишневский номидаги Демография институти билан ҳамкорликда “Ёзги мактаб” очилди. Ушбу муассасанинг мақсади ёш мутахассисларимизнинг аҳолишуносликка доир таҳлил олиб бориш салоҳиятини кучайтиришдан иборат.
Мактаб тингловчиларга тегишли йўналишлар бўйича мавжуд билим ва малакани ошириш имконини беради. Жумладан, Ўзбекистондаги демографик ривожланишга оид муаммолар, аҳолишунослик билан боғлиқ таҳлил юритиш ва тахминларни илгари суришга йўналтирилган вазифа, усуллар, соҳага жорий этилаётган янги технологиялар, янгича ёндашувлар ўрганилади. Шу билан бирга “GRETL” дастури ёрдамида вақтли қаторларни таҳлил қилиш, фараз сценарийларини ишлаб чиқишда “AРИМA” моделидан фойдаланиш, ушбу моделдан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон учун туғилиш, ўлим ва миграция прогнози сценарийларини яратиш борасидаги билимларни такомиллаштиришга кўмаклашилади.
БМТ Aҳолишунослик жамғармасининг мамлакатимиздаги вакили ўринбосари Камолхон Иномхўжаев айтишича, ёзги мактаб ёш олимлар, мутахассислар учун қизиқарли ва жуда фойдали. Жамғарма жорий йил ўз саъй-ҳаракатини аҳоли сони ўзгаришини тахмин қилиш тизими бўйича миллий салоҳиятни ривожлантиришга кўмаклашишга қаратади.
Юртимизда ёш демографлар тармоғини яратиш йўлидаги муҳим қадам бўлмиш айни лойиҳада соҳанинг етакчи олимлари, профессорлари, таниқли халқаро экспертлар маъруза ва тақдимотлари билан қатнашмоқда.
Масалан, биринчи кун Макроиқтисодиёт ва ҳудудий тадқиқотлар институти катта илмий ходими Aнвархўжа Шоазизов “Ўзбекистонда демографик ривожланиш муаммолари” мавзусидаги маърузасида мамлакатимиздаги бугунги демографик вазият, мавжуд таҳдидлар ҳақида маълумот берди.
Г.Сатторова,
ЎзА