French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш 90 фоизга етказилади
17:14 / 2022-06-14

Юртимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва сув чиқариш хизматларини яхшилаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлат дастурида сув таъминоти тизимини янада такомиллаштириш бўйича ҳам бир қатор вазифалар белгиланган.  

Жумладан, ҳудудларнинг муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма тизими ҳамда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш доирасида республика аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 87 фоизга етказиш белгиланган. 

Шунингдек, 32 та йирик шаҳарлар ва 155 та туман марказларида оқова сув тизимларини янгилаш, сув таъминоти қувурларидаги сув сирқиш нуқталарини сунъий йўлдош технологияси орқали масофадан зондлаб аниқлаш ва таъмирлашга замонавий технологияларни жорий этиш, Тошкент шаҳрида оқова сувларни тозалаш тизимини шаҳар ҳудудидан ташқарига чиқариб, давлат-хусусий шериклик асосида янги иншоотлар барпо этиш кўзда тутилган. 

Мазкур вазифаларнинг ижроси доирасида Президентининг 2022 йил 22 январдаги “2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва тасдиқланган манзилли дастурларга мувофиқ жорий йилда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларини ривожлантириш мақсадида жами 351 та объектда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун 1 триллион 444,8 миллиард сўм маблағ ажратилади. Ушбу маблағлар ҳисобидан 2 минг 262 км ичимлик ва оқова сув тармоқлари, 261 та ичимлик ва оқова сув иншоотларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш белгиланган. 

– Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, 624,9 миллиард сўм молиялаштирилган, – дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқарма бошлиғи ўринбосари Султонхўжа Дадабоев. – Ҳозиргача 650,4 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан 866,5 км ичимлик ва 44,1 км оқова сув тармоқлари, 89 та иншоотларда қурилиш ва реконструкция қилинди. Ҳозирда республика бўйича 1 минг 500 дан ортиқ маҳалла марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган. 3 мингдан ортиқ маҳалла ичимлик суви билан қисман таъминланган. Юқорида келтирилган ҳужжатларга асосан мамлакатимизда 2026 йилда аҳолининг ичимлик суви таъминоти 90 фоизга етказилиши белгиланган. 

Сув таъминоти тизимини трансформация қилиш жараёнида соҳага давлат-хусусий шериклик тамойили ҳам кириб келмоқда. Хусусан, шу йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва “Наманган шаҳар оқова сув тозалаш иншоотини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш” лойиҳаси бўйича тендер ғолиби – “Metito Utilities Limited” компанияси ўртасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим имзоланди. Бу давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган илк лойиҳа ҳисобланади.  

Бугунги кунда, Осиё тараққиёт банки билан Тошкентда янги оқова сув иншоотларини қуриш бўйича музокаралар олиб борилди. Хусусан, “Ўзсувтаъминот” АЖ ва Осиё тараққиёт банки ўртасида Тошкент шаҳрида оқова сув тозалаш иншоотини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва бошқарувга бериш лойиҳаси юзасидан маслаҳат хизматини кўрсатиш бўйича битим имзоланди. 

[gallery-7556]

Тараққиёт стратегиясида Ўзбекистон Республикаси сув захираларидан оқилона ва самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида ичимлик суви таъминотида ва оқова сув хизматларини кўрсатишда бошқарув кадрлари ва мутахассисларни қайта тайёрлаш тизимини халқаро стандартларга мувофиқ тубдан такомиллаштириш ва уларнинг профессионал савиясини ошириш кўзда тутилган. 

Мазкур вазифа ижроси доирасида жорий йилнинг февраль-март ойларида ҳудудлар кесимида иқтисод, эксплуатация, техника хавфсизлиги бўйича 292 нафар мутахассисларнинг малакасини ошириш мақсадида ўқув семинарлари ва амалий машғулотлар ташкил этилди. Йил охиригача барча ҳудудий сув таъминоти ташкилотларининг яна 2 минг нафар ходимларини ўқитиш режалаштирилган. Шунингдек, март-апрель ойларида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Ўзсувтаъминот” АЖ тасарруфидаги ҳудудий сув таъминоти корхоналарининг 32 нафар раҳбар ва ходимлари учун “Ичимлик суви таъминоти ва канализация соҳасида замонавий бошқарув” мавзусида ўқув курслари ўтказилиб, тингловчиларга махсус сертификатлар топширилди. 

Бундан ташқари, айни пайтда Корея Республикасининг “K-Water” корпорацияси билан сув таъминоти ходимларини ўқитиш, уларда замонавий инновацион технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, жаҳоннинг энг яхши тажрибалари билан таништириш мақсадида мамлакатимизда махсус ўқув муассасасини ташкил этиш бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда. 

Яна бир маълумот, республика бўйича 67 фоиз истеъмолчиларга сув ҳисоблагичи ўрнатилган. “Ўзсувтаъминот” АЖ ҳамда Жанубий Кореянинг “K-Water” корпорацияси билан Тошкент шаҳрининг Қўйлиқ 2, 3 ва 4-мавзеларида 7 минг 850 та сув ҳисоблагичини ўрнатилиши ҳамда биллинг тизимига уланиши белгиланган. Бугунги кунга келиб жами 1 минг 900 та сув ҳисоблагичи ўрнатилди. 

“Ўзсувтаъминот” АЖ ҳамда Жанубий Кореяининг “SHIN DONG-A ELECTRONICS CO, LTD” ташкилоти билан имзоланган меморандумга асосан эса Тошкент шаҳрининг Қўйлиқ-1 мавзесида 43 та антенна ва 610 та сув ҳисоблагичлари ўрнатилиши ҳамда биллинг тизимига уланиши белгиланган бўлиб, ҳозирги кунда 18 та кўп қаватли уйларда жами 500 та сув ҳисоблагичлари ўрнатилди. 

Шаҳноза Маматуропова, 
ЎзА мухбири