Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ, қуйидагилар аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг асосий мақсадлари:
а) мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш учун 38 миллион аҳолининг таркиби ва миграцияси, оилавий ҳолати, фаолият тури, даромад манбалари тўғрисида Европа статистиклари конференциясининг 2020 йилдаги тавсиялари асосида ягона маълумотлар базасини шакллантириш;
б) 26 миллион гектар қишлоқ хўжалиги ерларининг фойдаланиш ҳолатини ўрганиш, чорва моллари ва паррандалар сонини аниқлаш орқали қишлоқ хўжалигига йўналтирилаётган йиллик 25,6 триллион сўм, жумладан, 2,2 триллион сўм бюджет маблағлари самарали сарфланишини, соҳадаги хизматлар ҳажмини аниқлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун зарур маълумотлар тўпламини яратиш;
в) аҳоли ва қишлоқ хўжалигининг ўсиш тенденцияларини ҳудудлар кесимида аниқ ҳисоб-китоб қилган ҳолда ижтимоий соҳа объектларини кенгайтиришга йўналтирилаётган йиллик 25,2 триллион сўм маблағнинг манзилли сарфланишини таъминлаш;
г) республиканинг ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлиги ва маҳаллалар кесимида аҳолининг турли тавсифлари тўғрисида ягона статистик услубиёт асосида халқаро даражада таққослаш мумкин бўлган маълумотларни шакллантириш орқали мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ва халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашдан иборат бўлади.
Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш 2026 йил 15 январь ҳолатига кўра 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар ўтказилади.
Тадбирни ўтказишни ташкил этиш бўйича республика комиссияси тузилади ва унинг таркиби тасдиқланади.
Миллий статистика қўмитаси Республика комиссиясининг ишчи органи этиб белгиланди.
Комиссия зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилди:
а) рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларнинг ўз вақдида ҳамда сифатли амалга оширилишини таъминлаш;
б) рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни молиялаштириш, рўйхатга олиш материалларига ишлов беришни ташкил этиш ҳамда унинг якуний натижаларини эълон қилиш масалаларига доир таклифларни кўриб чиқиш;
в) рўйхатга олиш тадбирида иштирок этиш учун жисмоний ва юридик шахсларни уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш масалаларини ҳал қилган ҳолда жалб этиш ишларини ташкил этиш;
г) рўйхатга олиш тадбири доирасида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш.
Рўйхатга олиш тадбири "маҳалла еттилиги" тизимида ишловчи ходимларни 2025 йил 15 декабрдан 2026 йил 1 мартгача бўлган даврда жалб этиш орқали ўтказилади. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Миллий статистика қўмитаси ҳамда масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда "маҳалла еттилиги" тизимида ишловчи ходимлар планшет қурилмаларидан фойдаланган ҳолда рўйхатга олиш тадбири ўтказилишини таъминлайди.
Рўйхатга олиш тадбирида рўйхатга олувчи сифатида иштирок этадиган "маҳалла еттилиги" тизимида ишловчи ходимлар ва бошқа жалб этиладиган ходимлар Жаҳон банки иштирокида амалга оширилаётган "Ўзбекистонда статистика тизими салоҳиятини мустаҳкамлаш" лойиҳаси доирасида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг бир ярим баравари миқдорида (солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни инобатга олган ҳолда) бир марталик рағбатлантирилади.
Рағбатлантириш тўловлари тегишли вазирлик, идора ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг сўровномасига асосан Миллий статистика қўмитаси томонидан молиялаштирилади.
Рўйхатга олиш тадбирига жалб этиладиган ходимлар учун уларнинг асосий иш жойи, лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади.
2025 йил 10 октябрга қадар Миллий статистика қўмитасига:
а) Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳар бир маҳалла кесимида кўчалар бўйича хонадонлар ва аҳоли сони тўғрисидаги электрон маълумотларни;
б) Кадастр агентлиги қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланаётган ташкилотлар рўйхатини электрон шаклда тақдим этади.
Давлат органлари ва ташкилотлари 2026 йил 15 январдан 31 январга қадар ўз тизимида фаолият юритаётган барча ходимларнинг census.stat.uz порталида рўйхатдан ўтишини таъминлайди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги республикадаги барча ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари, шунингдек, давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиалларида таҳсил олаётган талабаларнинг census.stat.uz порталида рўйхатдан ўтказади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон фермерлари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар)лар ҳокимликлари билан биргаликда фермер хўжаликлари, юридик шахс ташкил этган деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар ва асосий фаолияти қишлоқ хўжалиги бўлмаган қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланаётган корхона ва ташкилотларнинг Интернет тармоғи орқали рўйхатдан ўтишини, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Дин ишлари бўйича қўмита 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб аҳолининг айрим тоифаларини рўйхатга олиш ишларини ташкил этилишини таъминлайди.
ЎзА