Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида юртимизда рўйхатга олиш жараёни қизғин давом этмоқда.
Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида фармон ижросини таъминлаш, мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ҳамда амалий аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган тадбир ташкил этилди. Кеча бошланган тадбирга идора ва ташкилотларда жиддий эътибор қаратилиб, ходимлар унда фаол иштирок этаётгани эътироф этилди.

Фармонда белгиланган устувор вазифалар, статистик маълумотларнинг аниқлиги ва ишончлилигини таъминлаш масалалари, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди.
Рўйхатга олиш тадбирларини ўтказишда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш, халқаро тажрибани жорий этиш ҳамда мутасадди ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорлик механизмлари муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, фармон билан 2026 йил 15 январь - 28 февраль кунлари мамлакатимизда аҳолини икки босқичда рўйхатдан ўтказишга қаратилган муҳим тадбир ўтказилмоқда.

Биринчи босқич – 15 - 31 январь кунлари, 17 кун давомида census.stat.uz сайти орқали OneID тизими ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтиш ташкил этилади.
Иккинчи босқич – 4 - 28 февраль кунлари “Маҳалла еттилиги” аъзолари уйма-уй юриб, планшет орқали рўйхатга олиш жараёнларини ташкил этади.
Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ушбу жараёнларда барчани фаол бўлишга чақирди.
Н.Абдураимова, ЎзА