2025 йил мамлакатимизда ер ва кўчмас мулк муносабатларини тартибга солиш, соҳани тўлиқ рақамлаштириш ҳамда шаффофликни таъминлаш борасида муҳим босқич бўлди. Йил давомида амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида кадастр тизимида аниқ ҳисоб-китоб ва ҳуқуқий тартибни мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилди.
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палaтаси томонидан 2025 йил давомида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда қайд этилганидек, ўтган йил якунлари кадастр соҳасида рақамлаштириш, очиқлик ва ҳуқуқий тартибга солиш йўналишларида сезиларли натижаларга эришилганини кўрсатмоқда.
Бугунги кунда республикадаги жами 44,9 миллион гектар ер майдонининг 42,5 миллион гектари ёки 94,7 фоизи “UZKAD” ахборот тизимига киритилиб, электрон хариталари яратилди. Шундан 41,7 миллион гектар ер майдони 2,3 миллион нафар ердан фойдаланувчилар кесимида кадастр йиғма жилдлари шакллантирилган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уларнинг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилашда муҳим қадам бўлди.
2025 йил якунига кўра, республика бўйича жами кўчмас мулк объектлари сони 8 845,8 мингтани ташкил этди. Бу - йил бошига нисбатан 297,5 мингтага кўп. Жумладан, якка тартибдаги турар жойлар — 6 340,7 мингта, нотурар жойлар 823,4 мингта, кўп қаватли уйлардаги квартиралар — 1 681,7 мингтани ташкил этади. Жами объектларнинг 6 247,6 мингтаси ёки 70,6 фоизи давлат рўйхатидан ўтказилган. Шу билан бирга, 2 598,2 мингта объект ҳали рўйхатдан ўтказилмаган.
Рўйхатдан ўтмаган объектларнинг 303 мингтасида ҳуқуқий ҳужжат мавжуд бўлса-да, давлат рўйхатидан ўтмаган. 2 295,2 мингтаси эса ҳуқуқий ҳужжати мавжуд бўлмаган объектлардир. Бу кўрсаткичлар келгусида ҳуқуқий тартибга солиш ишларини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
—2025 йил давомида тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун 78 минг 47 та, умумий майдони 12 056,7 гектар бўлган бўш ер участкалари “Yerelektron” тизимига киритилди, — дейди Давлат кадастрлари палатаси раисининг биринчи ўринбосари Нозимжон Инамов. — Шундан 42 минг 686 таси ёки 6 100,9 гектари аукцион савдоларига чиқарилди. Бу ер ажратиш жараёнларида очиқлик ва рақобат муҳитини таъминлашга хизмат қилмоқда. Ўтган йил давомида жами 4 774,4 мингта кадастр хизмати кўрсатилди. Шундан 1 158,8 мингтаси композит шаклда, яъни бир нечта хизматни ўз ичига олган тарзда амалга оширилди.
Ҳисобот даврида коррупцияга қарши курашиш соҳасида махсус ваколатли органлар билан институционал ҳамкорлик йўлга қўйилди. 665 та умумпрофилактик тадбир ҳамда 443 та оммавий ахборот воситалари орқали ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилди.
[gallery-27902]
Назорат тадбирлари доирасида 100 дан ортиқ хизмат текшируви ўтказилиб, 98 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилди. 11 та ҳолат бўйича материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Шунингдек, 791 минг 556 та объект тизимга миграция қилинди. 726 442 таси фаол объект сифатида рўйхатга олинди. 419 минг 487 та объектда ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонлари аниқланди.
Ушбу ҳолатлар “E’tirof” тизими орқали кўриб чиқилиб, республика бўйича 36 минг 417 та объектга вилоят кенгашлари қарорлари асосида ҳуқуқлар эътироф этилди.
2025 йил давомида Давлат кадастрлари палатасига жами 88,3 мингта мурожаат келиб тушди. Барча мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, ижроси тўлиқ таъминланди.
Шаҳноза Маматуропова,
Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА