Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда 5 йилда кибержиноятлар 70 баробарга ошган
12:10 / 2026-02-21

Сўнгги йилларда фуқароларнинг шахсий маълумотларини қўлга киритиш орқали уларнинг тўлов карталаридан пул ўғирлаш ҳолатлари кескин кўпайган.

Биргина 2025 йилда дунё кибержиноятчиликдан 11,5 триллион доллар миқдорда молиявий зарар кўрган бўлса, 2026 йил якунига бориб, бу рақам қарийб 26 триллиондан ошиши мумкин. Ўзбекистонда ҳам сўнгги 5 йилда кибержиноятлар 70 баробарга ошган.

“Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгашида “Киберхавфсизлик: замонавий таҳдидлар ва ҳимоя стратегиялари” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзолари, Ички ишлар ва Рақамли технологиялар вазирликлари, Киберхавфсизлик маркази мутахассислари ҳамда банк вакиллари иштирок этди. 

Қайд этилганидек, бугун рақамли технологиялар кириб бормаган соҳа қолмади. Одамлар ҳар куни онлайн-банкинг, давлат порталлари, таълим, соғлиқни сақлаш ва савдо соҳаларида рақамли хизматлардан кенг фойдаланяпти. Натижада рақамли дунёда шахсий маълумотларнинг катта жамланмаси пайдо бўлди ва бу дунёда кибержиноятчилик деб аталмиш янги жиноят турининг пайдо бўлишига сабаб бўлди.

- Сўнгги йилларда бу жиноят шунчалик тез ривожланяптики, яқин йилларда кибержиноятлар тури 20 тани ташкил этган бўлса, бугун 60 тадан ошди. Бундан кўриниб турибдики, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш фақат давлат ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вазифаси эмас, аввало ўзимизнинг, ҳар бир фуқаронинг кундалик масъулиятига айланмоғи лозим, – деди партия Марказий кенгаши раиси ўринбосари Феруза Муҳаммеджонова.

Қонунчлик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Зуҳра Мирғозиева рақамли технологиялар билан боғлиқ қонунчилик ҳақида маълумот берар экан, технологиялар жадал ривожлангани сари қонунчиликни ҳам доимий такомиллаштириш талаб этилишини таъкидлади.

Таҳлиллардан маълум бўлишича, банк-молия соҳасидаги муассасалар, онлайн тўлов жараёнларини амалга оширувчи тизимлар, савдо мажмуалари, меҳмонхона ва савдо терминалларидан энг кўп фойдаланаётганлар жиноятчиларнинг асосий диққат-марказига тушмоқда.

Рақамли технологиялар вазирлиги вакили шахсий маълумотлар орқали фуқароларнинг тўлов карталаридан пул ўғирлаш ҳолатлари кескин кўпайганини таъкидлади. 

Муҳокамаларда мутахассислар томонидан бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА