Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда 21 вазирлик ва давлат идораларига тегишли 49 333 кўчмас мулк объектларидан 6 821 таси давлат рўйхатидан ўтказилмаган
18:40 / 2023-11-22

Хабарингиз бор, яқинда Президент раислигида ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ер ҳисобини юритиш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда Кадастр агентлигига қатор вазифалар берилган эди.

Белгиланган вазифалар ижроси қандай кетяпти?  

Бу борада Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбари  Неъматжон Атамуратов куйдагиларни маълум қилди.

— Кадастр агентлигига туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга йил якунигача аэросуратга олиш ишларини Тошкент шаҳри, Тошкент ва водий вилоятларида, келгуси йили эса қолган ҳудудларда тўлиқ якунига етказиш топшириғи берилди, — дейди Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбари  Неъматжон Атамуратов. — Кадастр агентлигининг маълум қилишича, агентлик томонидан томонидан бугунга қадар самолёт ёрдамида Қашқадарё вилоятининг жами 2 856,8 минг гектар ер майдонидан 2 321,6 минг гектарида аэросуратга олиш ишлари бажарилди.  

Сўнги 3 йил давомида UZKAD тизими орқали республиканинг  96 фоиз ёки 43,1 млн. гектар ер майдонларининг электрон харитаси яратилиб, 40,2 млн. гектари давлат рўйхатидан ўтказилди.Жумладан, 24,4 млн. гектар қишлоқ хўжалиги ерлари, 11,1 млн. гектар ўрмон фонди ерлари, 3,1 млн. гектар табиатни муҳофаза қилиш ерлари, 125 минг гектар саноат ерлари ва 2,7 млн. гектар захира ерлари ҳисобга олинди.  

Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда 900 минг гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги ерларини ҳисобга олишга бир нечта омиллар ўз таъсирини кўрсатмоқда. Хусусан, ерга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлари тўлиқ ёки қисман мавжуд эмаслиги сабабли 286,2 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиб келаётган 10 159 та юридик ва жисмоний шахслар фойдаланувчи сифатида ҳисобга олинган.  

Жумладан, Қашқадарёда 72,8 минг гектар, Тошкент вилоятида 67,3 минг гектар, Жиззахда 38 минг гектар, Самарқандда 27,9 минг гектар, Сирдарёда 26,6 минг гектар, Қорақалпоғистонда 23,5 минг гектарни ташкил этади.  

Қолаверса, 159 минг гектар ердан фойдаланувчиларнинг ҳужжатида кўрсатилган ер майдонига нисбатан амалдаги ер майдони ўртасида тафовутлар мавжудлиги сабабли давлат рўйхатидан ўтказилмаган. Шунингдек, 19 658 та қишлоқ хўжалиги корхоналарининг 460,5 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерлари ҳуқуқий мақоми аниқ эмаслиги сабабли, давлат рўйхатидан ўтказилмаган.   Узоқ йиллар давомида собиқ колхоз, совхоз ерларидан аҳолига уй-жой қуриш учун 817,1 минг гектар ер ажратилган бўлиб, ушбу ерлар ҳисоботда қишлоқ хўжалиги ерлари тоифасида томорқа сифатида юритиб келинмоқда.  

Ҳудудлар кесимида бу кўрсаткич Бухорода 128,3 минг гектар, Қашқадарёда 117,8 минг гектар, Самарқандда 85,9 минг гектар, Тошкент вилоятида 78,8 минг гектарни ташкил этади.  

Бу эса ўз навбатида, ер ҳисоботини тўғри юритилишига тўсқинлик қилмоқда.

 Шу боис, 2024 йил 1 июлга қадар битта туман мисолида аҳолига якка тартибда уй-жой (томорқа ер) ва қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларда бино ва иншоотлар қуриш учун ажратилган ерларни тоифасини ўзгартириш бўйича эксперимент ўтказилади.  

Бугунги кунга қадар республикада мавжуд 827 минг гектар сув фонди ерларидан 318,3 минг гектари ҳамда 172,1 минг гектар ички автомобиль йўлларидан 5,1 минг гектари давлат рўйхатидан ўтказилган.  

Қолган 509 минг гектар сув фонди ва 167 минг гектар ички автомобиль йўлларнинг ер ажратиш қарорлари ва чегаралари белгиланмаганлиги сабабли, ушбу ерлар ҳисобга олинмасдан қолмоқда.  

Йиғилишда Давлатимиз раҳбари томонидан сув фонди ерлари ва ички автомобиль йўллари эгаллаган ерларни ҳисобга олиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича масъул вазирлик ҳамда идораларга тегишли кўрсатмалар берилди. Шу билан бирга, 21 та вазирлик ва давлат идораларига тегишли 49 333 та кўчмас мулк объектларидан 6 821 таси давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги таъкидлаб ўтилди.  

Шунингдек, йиғилишда, вазирлик ва идораларга  ўз тизимидаги корхона ва ташкилотларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларини ҳисобини юритиш ва уларни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш юклатилди.

Кадастр агентлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, 12 та вилоят ва Тошкент шаҳри ҳамда 154 та туман ва 5 та шаҳарнинг маъмурий чегаралари белгиланган бўлсада, ҳокимликлар томонидан чегараларни тасдиқлаш ишлари якунига етказилмаган.  

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси, 12 та вилоят ва 159 та туман (шаҳар)нинг чегарасини белгилаш бўйича тайёрланган ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва чегараларни Олий Мажлис Сенати томонидан тасдиқлатиш бўйича топшириқ берилди.  

Сўнгги 5 йил давомида 42 463,5 гектар қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш аҳволи ўрганилганда, ҳокимликлар қарорига асосан, тўғридан-тўғри лойиҳа ташаббускорларига ажратилган 18 587,9 гектар ерларнинг 4 426,6 гектарида қурилиш ишлари якунланган бўлса, 7 224,2 гектарида қурилиш ишлари олиб борилаётганлиги ва 7 минг гектарида қурилиш ишлари бошланмасдан бўш турганлиги маълум бўлди.

Йиғилишда  Президентимиз томонидан Кадастр агентлигига барча саноат ерларини тўлиқ хатловдан ўтказиш, вилоят ҳокимларига эса қурилиш бошланмаган 7 минг гектар ерларни захирага қайтариш топширилди.  

Бундан ташқари, тоифаси ўзгартирилган ер майдонларининг 17 480,5  гектари ҳокимликлар номига захирага олинган бўлсада, реализация қилинмаган.

Вилоят ҳокимлари йил якунига қадар ушбу ерлари аукционга чиқармаган тақдирда, қишлоқ хўжалиги тоифасига қайтарилиши ҳақида огоҳлантирилди.  

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА