Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва туризм соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистонда 2030 йилгача туризм соҳасини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари белгиланди: Улар:
а) туризм соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини амалдаги 3,5 фоиздан 7 фоизгача етказиш;
б) чет эллик туристларнинг йиллик сонини амалдаги 10 млн нафардан 20 млн нафаргача етказиш, шу жумладан, тўлов қобилияти юқори бўлган туристлар оқимини кўпайтириш;
в) туризм хизматлари йиллик экспорти ҳажмини 6 млрд АҚШ долларидан ошириш;
г) Ўзбекистоннинг туристик шаҳарлари ўртасидаги транспорт боғланишини яхшилаш, ички авиақатновлар сонини кўпайтириш ҳамда йўлга сарфланадиган вақтни камида 3 бараварга қисқартириш;
д) 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар сонини 2 бараварга ошириш;
ж) туристик хизматлар ва маҳсулотларни диверсификация қилиш орқали республиканинг туристик салоҳиятини тўлиқ ишга солиш;
з) жаҳонда кенг таниладиган Ўзбекистоннинг туристик брендини яратиш ва миллий туристик маҳсулотларни оммалаштириш учун янги инструментларни жорий этиш.
Қарор билан:
а) Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси фаолиятининг асосий йўналишлари;
б) Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитасининг ташкилий тузилмаси тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси туризм соҳасини тартибга солиш ва ривожлантириш бўйича давлат сиёсатини амалга оширувчи республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш учун визасиз режим жорий этиладиган давлатлар рўйхати кенгайтирилади, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш ва унинг ҳудудида бўлиш билан боғлиқ тартиб-таомиллар соддалаштирилади.
2026-2028 йилларда қуйидаги лойиҳа ва чора-тадбирларни амалга оширади:
а) Самарқанд шаҳридаги энг муҳим тарихий объектларни боғловчи 6,6 км узунликдаги туристик маршрутни ташкил этиш бўйича "Самарқанднинг мерос йўли" лойиҳаси;
б) аҳолининг турмуш тарзи, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ва коммуникация тизимини тарихий муҳит билан уйғунлаштирган ҳолда Хива шаҳридаги Ичан-қалъа мажмуасини жаҳонда ягона бўлган иммерсив ва "ақлли" музей-шаҳарга айлантириш;
в) Тошкент шаҳри бўйича:
модернизм ёдгорликларини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича материаллар тақдим этиш;
энг кўп мозаикалар бор шаҳар сифатида жаҳон миқёсида эътироф этилишига эришиш.
ЎзА