Ўзбекистонда 2026 йилда 2 минг 142 та маҳаллада хатлов ўтказилади
Кадастр агентлиги раҳбарининг тегишли буйруғи билан “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлаш мақсадида 2026 йилда мамлакат бўйича 2 минг 142 та маҳаллада хатлов ўтказиш режа-жадвали тасдиқланди.
Мазкур режа-жадвалга мувофиқ, 2026 йил давомида идора соҳавий мақсад ва вазифалари билан мувофиқлаштирилган ҳолда хатлов ишлари босқичма-босқич амалга оширилади.

Ҳар бир маҳаллада ер участкалари ҳамда унда жойлашган бинолар ва иншоотларга нисбатан ҳуқуқий ҳолатни аниқлаш, шу жумладан ўзбошимчалик ҳолатларини аниқлаш ва ҳужжатлаштириш ишлари олиб борилади. Хатлов натижалари бўйича ҳуқуқий статуси аниқланган объектлар бўйича маъқулланган тартибда қарорлар қабул қилинади ва тегишли давлат реестрига киритилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА