Ўзбекистон Республикаси Президенти “2025-2030 йилларда болалар саратонига қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий стратегиясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, қуйидагилар 2025-2030 йилларда Ўзбекистонда болалар саратонига қарши курашишнинг асосий мақсадлари этиб белгиланди:
а) болалар саратонини эрта босқичларда аниқлаш ҳолатлари улушини 65 фоизгача ошириш;
б) онкологик ва онкогематологик касалликларга чалинган болаларнинг бир йиллик яшовчанлигини 34 фоиздан 90 фоизгача, беш йиллик яшовчанлигини эса камида 60 фоизгача ошириш;
в) саратон касаллигига чалинган болаларни 100 фоиз ихтисослаштирилган тиббий ёрдам билан қамраб олиш;
г) онкогематологик касалликларга ташхис қўйиш муддатларини 4 кунгача ва онкологик касалликларга ташхис қўйиш муддатларини 14 кунгача қисқартириш;
д) онкологик ва онкогематологик касалликларни даволашни 10 кундан 20 кунгача бўлган муддатда бошлаш;
е) бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида болалар саратони белгиларини аниқлаш учун шароитлар яратиш;
ж) кадрлар салоҳиятини ошириш, устувор тартибда ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, болалар саратонига қарши курашишнинг барча бўғинларида бизнес жараёнларни рақамлаштириш.
Мазкур фармон билан:
а) 2025-2026 йилларда болалар саратонига қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури;
б) 2025-2030 йилларда болалар саратонига қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий стратегиясини амалга оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Фармонда 2025 йил 1 июлга қадар "Электрон соғлиқни сақлаш" ахборот тизимида:
а) онкологик ва онкогематологик касалликларга чалинган болаларни рўйхатга олиш, ташхислаш, даволаш, диспансер кузатуви ҳамда йўналтириш жараёнларини ўз ичига олган беморларнинг рақамлаштирилган маршрутини жорий этиш;
б) тиббиёт ходимларини ўқитиш ва фойдаланувчилар учун қулай интерфейс яратиш орқали шифокор қабулига масофадан ёзилиш ҳамда онлайн консультациялар ўтказиш имкониятини яратиш белгиланган.
ЎзА