Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда 2023 йилнинг 9 ойида 166 нафар болалар ўз қариндошлари томонидан зўравонликка учраган (+видео)
21:58 / 2023-10-10

Бугун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (IHMA), Адлия вазирлиги ва UNICEF болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, Ўзбекистонда болалар учун янада хавфсиз ва қулай муҳитни яратиш бўйича биринчи муҳим қадам сифатида болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Адлия вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ҳар йили дунё бўйлаб 1 млрд.дан ортиқ бола жисмоний, ҳиссий ёки жинсий зўравонликка дучор бўлади. Яқинда ўтказилган Мултииндикатор кластер кузатуви (МICS) шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда 1 ёшдан 14 ёшгача бўлган ҳар уч боладан иккитаси (62%) қаттиқ интизомий усулларга (жисмоний жазо ва/ёки психологик тажовуз) дучор бўлган ва 15-19 ёшли қизларнинг 33 фоизи эр томонидан хотинни калтакланишини оқлайди.

Йиғилишда айтилишича, Ўзбекистонда 2023 йилнинг атиги 9 ойи давомида вояга етмаганларга нисбатан 1240 та зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. Улардан 417 таси жинсий зўравонлик ҳолатларидир.  

“Афсуски, оилада ёки таълим ва бошқа муассасаларда болаларга нисбатан зўравонлик фактларини била туриб, одамлар кўп ҳолларда боланинг тақдирига бефарқ бўлишади” — деди Шаҳноза Мирзиёева.   

Унинг сўзларига кўра, зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан чора-тадбирларни кескин кучайтириш зарур.  

Бундан ташқари фактларни яшириш ёки зўравонлик ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларга жавоб бермаслик ҳолатларида мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини ошириш кераклиги айтилди. Ушбу ҳолатларни олдини олиш учун “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги махсус қонун ишлаб чиқилмоқда.  

Унга кўра, Ўзбекистон бўйлаб қизлар ва ўғил болалар учун оилавий маслаҳатлар, руҳий саломатлик ва руҳий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳаётий кўникмаларга ўргатиш ва хавфсиз уй-жойдан фойдаланиш имконини бериш, фаровонликни таъминлаш ва зўравонлик, қўрқув ҳамда зарардан ҳимоя қилиш каби хавфсизлик чоралари қўлланади.

<iframe width="853" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/M3VPG6ZaY40" title="Ўзбекистонда 2023 йилнинг 9 ойида 166 нафар болалар ўз қариндошлари томонидан зўравонликка учраган" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Ёдингизда бўлса, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги томонидан "Педофилия ва ҳимоясиз қолган болалар ҳуқуқи" ҳақида таҳлилий видеолавҳа орқали болаларимизнинг хавфсизлиги, ҳуқуқлари қанчалик муҳимлиги тўғрисида бонг урган эдик. Бугунги "Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги махсус қонун ишлаб чиқилаётгани ва яна бир янгилик депутатлар Сурайё Раҳмонова номзодини Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакилли лавозимига тасдиқлангани ушбу йўналишда жиддий ўзгаришлар, қатъий назорат ва бошқа янгиликлар кутилаётганидан дарак беради.

Зўравонликнинг олдини олишга қаратилган қонун муҳокамаси якуни ва бу йўналишда амалга оширилаётган янгиликларни биз жамоат вакиллари кузатишда давом этамиз.

М.Турдалиева, А.Содиқов (видео), ЎзА