Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатни модернизация қилишда муҳим аҳамиятга эга. Хоҳ у ижтимоий-иқтисодий, хоҳ маданий-маънавий ёки суд-ҳуқуқ, улардан кўзланган олий мақсад фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш, уларнинг қонуний манфаатлари бузилишининг олдини олиш, лўнда қилиб айтганда, бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган бўлади. Бу борада 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мазкур демократик ислоҳотларни ўтказишда асосий омил бўлиб хизмат қилди.
Хусусан, судлар фаолияти такомиллаштирилиб, Олий суд ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи — Олий судга бирлаштирилди. Судьялар олий кенгаши, маъмурий судлар, Олий суд ҳузурида Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этилди.
Жиноят ишини қўшимча тергов юритиш учун қайтариш институти бекор қилинди ва далилларга баҳо бериш институти такомиллаштирилди. Бу, ўз навбатида, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилган ҳолда оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратди.
Бошқача айтганда, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ҳамда жиноят ишлари бўйича судлар, иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда вилоят даражасидаги умумюрисдикция судлари ташкил этилди.
Айтиш керакки, 2017 йилга қадар олтита суд инстанциясида суд қарорлари қайта кўриб чиқилган. Ўзгаришлар натижасида бу инстанциялар сони учта бўлган.
Суд тизимига “бир суд — бир инстанция” тамойили жорий қилинди. Унга кўра:
биринчидан, халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими яратилди:
биринчи инстанция (туман (шаҳар) судлари, айрим тоифадаги мураккаб ишлар бўйича — вилоят судлари);
апелляция инстанция (вилоят даражасидаги судлар);
кассация инстанцияси (Олий суд);
иккинчидан, халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг эътирозига сабаб бўлаётган назорат инстанцияси тўлиқ бекор қилинди.
Президентимизнинг 2017 йил 21 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан 2017 йил 1 июндан бошлаб маъмурий судлар ташкил этилгани суд-ҳуқуқ тизимидаги шиддатли ислоҳотлар йўналишида том маънода муҳим қадамлардан бири бўлди. Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларининг ишончли суд ҳимоясини таъминлаш мақсадида давлат органлари қарорлари ва мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бериладиган шикоятларни, яъни оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўриб чиқиш учун ваколатли маъмурий судлар ташкил этилди.
Маъмурий судлар фуқаролар ва юридик шахсларга давлат органлари ҳамдаа мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний қарорлари, хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш борасидаги конституциявий ҳуқуқларини амалда тўлиқ рўёбга чиқаришида муҳим роль ўйнайди. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришда беқиёс аҳамият касб этади.
Шунингдек, процессуал мажбурлов чораларини асосли қўллаш, суд-тергов амалиётида шахсни қийноққа солмаслик, унга шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматини камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўлламаслик, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни фош этишда фаол кўмаклашгани учун шахсни жавобгарликдан тўлиқ ёки қисман озод қилиш, жабрланувчиларга етказилган мулкий зарарни қоплаш ҳамда жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш орқали фуқароларнинг ишончини қозониш устувор вазифалардандир.
Шу маънода мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги институционал ислоҳотлар доирасида маҳкумлар ва қамоққа олинган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётгани эътиборга молик. Бу борада жиноят-ижроия қонунчилигини, шу жумладан, озодликдан маҳрум этиш жойларида маҳкумларни сақлаш шарт-шароитларини янада яхшилашни назарда тутувчи қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси қабул қилинди.
Аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш мақсадида “Хабеас корпус” институти кенгайтирилиб, тергов устидан суд назорати янада кучайтирилди. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаш муддатини узайтириш учун санкция бериш ваколатининг судларга ўтказилиши бу борадаги дастлабки қадамлар бўлган бўлса, кейинги йилларда бу ислоҳотлар янада жадаллашди.
Почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш, мурдани эксгумация қилиш, айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ёки айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш учун санкция бериш ҳуқуқи ҳам прокурорлардан судларга ўтказилди. Судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этган тақдирда бошқа муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилди.
Суд ишларини юритишда янги институтлар жорий қилинди, мавжудлари такомиллаштирилди. Жумладан, жиноят процессида ярашув институти кенгайтирилиб, у суд жараёнининг барча босқичларида қўлланадиган бўлди. Жиноят иши бўйича — дастлабки эшитув, фуқаролик ва иқтисодий судларда — судгача мажлис, соддалаштирилган тартибда иш юритиш, медиация институтлари жорий қилинди. Шунингдек, сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш борасида салмоқли ишлар қилинди. Масалан, жиноятни содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга, қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек, дастлабки терговнинг энг кўп муддати 1 йилдан 7 ойга қисқартирилди.
Шахсга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олиш бўйича самарали механизмлар жорий қилиниб, бундай қилмишлар учун жавобгарлик кучайтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 августдаги “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш тўғрисида”ги фармони ҳам айни ана шундай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жумласидандир.
Мазкур фармон, шубҳасиз, ушбу соҳада бирмунча йирик ўзгаришларга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди. Хусусан, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ходимлари томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олишни мазкур жиноят иши юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга ошириши белгиланди.
Демак, жиноят иши қўзғатилиб, иш юритувга олингандан сўнг, иш кимнинг юритувида бўлса, ана шу мансабдор шахснинг ёзма рухсатисиз ваколатли органларнинг тезкор ходимлари мазкур иш доирасида иштирокчилардан бирон-бир кўринишдаги ариза, тушунтириш ёки кўрсатув олишга ҳақли бўлмайди. Бунда ёзма рухсат олинган тақдирда ҳам айбланувчи ёки судланувчининг ўзи воз кечмаган бўлса, ҳимоячининг иштирок этиши шартлиги мустаҳкамлаб қўйилди.
Бундан ташқари, жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсни ушлаб туриш муддати у ҳақиқатда ушланган вақтдан бошлаб ҳисобланадиган бўлди. Бу эса, ушлаб туриш баённомасига шахсни ушлаш вақти сифатида баённома тузилган ёки баённомани тузган мансабдор шахс истаган вақтни эмас, гумон қилинувчининг ҳақиқатда ушланган вақтини кўрсатиш лозимлигини англатади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 224-моддасига асосан, ушлаш билан боғлиқ процессуал ҳаракатлар видеоёзувлар орқали қайд этилиши белгиланган. Бунда эътиборли жиҳати шундаки, жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахснинг ушланиши акс этган видеоёзувда қайд этилган вақт ушлаб туриш баённомасига мувофиқ келиши, видеотасвирга олиш воситасининг вақтни тўғри кўрсатиб туришини таъминлаш лозим бўлади.
Шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида диққатга сазовор ўзгариш сифатида шуни қабул қилиш мумкинки, шахс амалда ушланган ёки уни жиноят устида ушлаш билан боғлиқ тезкор тадбир амалда якунланган ёхуд гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги ҳақидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб у билан боғлиқ процессуал ҳаракатларни ўтказишдан олдин унинг адвокат билан холи учрашиши таъминланиши шартлигини белгиланди.
Ҳар қандай шахс ушлангандан сўнг ёки унга нисбатан тезкор тадбир амалга оширилгандан кейин ёхуд унга нисбатан бирон-бир жиноят юзасидан гумонланувчи сифатида жалб қилиш тўғрисида қарор мавжудлиги маълум қилинганда, шахс ўзининг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдалана олмаслиги ёки бунга руҳан тайёр бўлмаслиги мумкин.
Шахснинг қўрқув ва руҳий босим остида қолиши натижасида адолат ва ҳақиқатни қарор топиши учун зарур бўлган маълумот ва далиллар нотўғри ўзанга йўналтирилиши, жиноятнинг тўла фош этилмай қолиши, жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойили бузилишига олиб келиши мумкин. Гумон қилинувчининг адвокат билан холи учрашишининг таъминланиши эса ишнинг ҳар томонлама кўриб чиқилиши, қонунийлик ва далилларнинг мустаҳкамланиши, пировардида процессуал ҳаракатлар бўйича сифатли иш юритиш имконини беради.
Бундан ташқари, фуқароларнинг жиноят процессига ортиқча жалб қилинишини камайтириш, мураккаб бўлмаган ишлар бўйича иш юритишни қисқартириш мақсадида ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган гумон қилинувчи ёки айбланувчи томонидан билдирилган илтимосномага асосан жиноят ишини юритишни назорат қилувчи прокурор билан тузиладиган айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув институти киритилди.
Президент томонидан 2023 йилдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун имзоланди.
Ҳужжат билан жиноят ишларини кўришда кассация инстанцияси суди томонидан тегишли мансабдор шахсларнинг эътиборини суриштирув, дастлабки тергов ва суд муҳокамаси жараёнида йўл қўйилган камчиликларга қаратиш зарур бўлган тақдирда хусусий ажрим чиқариш асослари белгиланмоқда. Шунингдек, кассация шикояти (протести) бўйича кўрилаётган фуқаролик ишини тугатиш учун асослар рўйхати белгиланмоқда.
Фуқаролик судига киритилган даъво аризаси бўйича тааллуқлилик қоидалари бузилган тақдирда, мазкур даъво аризаси суд томонидан иқтисодий ёки маъмурий судга юборилади.
Бунда бошқа суддан даъвони қабул қилиб олган суднинг судьяси даъво бўйича камчиликлар аниқланган тақдирда 10 кун ичида даъвогарни камчиликларни бартараф этиш ҳақида хабардор қилади. Шунингдек, бундан буён ўзаро боғлиқ бўлган, баъзилари фуқаролик ишлари бўйича судга, баъзилари эса маъмурий судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди. Эндиликда давлат ижрочисининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят маъмурий судга ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга берилади.
Бундан ташқари, иқтисодий судлар томонидан чиқариладиган ижро ҳужжатлари ижрога уч йил ичида қаратилиши мумкин.
Адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш, суд ҳокимиятининг амалда мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида 2023 йил 16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Мазкур фармон билан 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ва ушбу стратегияни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланди.
Адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш билан бирга, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш, стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари сифатида белгиланди.
Ҳаракатлар дастури 10 та бўлим 28 та банддан иборат бўлиб, унинг “Одил судлов сифатини тубдан ошириш” деб номланувчи 2-бўлимининг 5-банди маъмурий суд иш юритувини такомиллаштиришга қаратилган.
Ушбу бандда 2023 йил ноябрь ойига қадар “Маъмурий суд иш юритувини такомиллаштириш концепцияси”ни ишлаб чиқиш белгиланган бўлиб, унда маъмурий органлар билан фуқаролар ва тадбиркорлар ўртасидаги барча низоларни хатловдан ўтказиб, судловга тааллуқлилигига оид қоидаларни такомиллаштириш, маъмурий суд иш юритуви принципларини танқидий ўрганиб, оммавий-ҳуқуқий муносабатларнинг мазмун-моҳиятини акс эттирувчи принципларни киритиш назарда тутилган.
Ислоҳотларнинг янги босқичида судларни ҳақиқий халқ судига, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг, тадбиркорлар қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоячисига айлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинган. Хусусан, бугунги кунда амалиёт фуқаро билан давлат органи ёки мансабдор шахснинг тенгсизлигини кўрсатмоқда. Чунки фуқаронинг ўз талабларини исботлаб бериш бўйича имкониятлари давлат органи ёки мансабдор шахснинг ресурсларига қараганда бирмунча чекланган.
Шу сабабли давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда, уларни маъмурий судлар томонидан самарали ҳимоя қилиш, судларни ҳуқуқи бузилган фуқаронинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Бу борада маъмурий суднинг ўрни ва ролини кучайтириш мақсадида унинг ваколатлари кенгайтирилади. Шунингдек, маъмурий судларга давлат идоралари томонидан етказилган зарарни қоплаш ва бошқа ҳуқуқий оқибатларга оид масалаларни ҳал қилиш ваколати берилиб, фуқароларнинг судма-суд юриб, овора бўлишининг олди олинади.
Судлар фаолиятида “ягона дарча” тартиби жорий этилиб, бундан буён иш фуқаролик, иқтисодий ёки маъмурий судга тааллуқли бўлишидан қатъи назар, ариза “ягона дарча” асосида қабул қилинади. Бу эса фуқаро ва тадбиркорларнинг эшикма-эшик сарсон бўлишига чек қўяди.
Кейинги йилларда амалга оширилаётган шу каби инсонпарвар ислоҳотлар натижасида одамларнинг суд тизимига бўлган ишончи ортиб бормоқда. Буни судларга бўлган мурожаатларнинг кўпайиб бораётганида ҳамда судлар томонидан қабул қилинаётган оқлов ҳукмлари, фуқаролар, тадбиркорлар фойдасига қабул қилинган суд қарорлари сонининг ортиб бораётганида ҳам кўриш мумкин.
Натижада халқ судни фақат одамларни қоралайдиган, жазолайдиган орган, деб эмас, аксинча, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қиладиган орган, ўзларининг ҳимоячиси, адолат посбони, деб қарай бошлади. Бундай ишончни янада мустаҳкамлаш учун судлар қонундан оғишмай иш тутишлари, фуқароларнинг манфаатларини муҳофаза этиб, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаб, бу йўлдан собитқадамлик билан қатъий боришлари ва шу асосда халқнинг ишончини қозонишлари зарур бўлади.
Б.Аҳраров, Н.Хайриев,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги
университети профессорлари