Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда 14 ёшли ўқувчи ойига 2 минг АҚШ доллари топмоқда... (+видео)
11:33 / 2022-02-23

ОДАМЛАР ОРАСИДА

Бугун кўпчилик ота-оналар мактаб ёшидаги фарзандлари вақтини компьютер ёки телефон билан ўтказаётганидан нолишади. Аммо вақтини фойдали меҳнатга сарфлаётган ўқувчилар ҳам талайгина. 

Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ туманига қарашли, "Уч чинор" маҳалласида яшовчи Аброрбек Пирматов тумандаги 18-умумтаълим мактабининг 8-синфида ўқийди. Унинг ёши 14 да бўлса-да, ҳунар билан шуғулланиб, ота-онасига рўзғор тебратишда ёрдам бериб келяпти. 

Аброрбек ота касби, яъни ванна ясаш билан шуғулланади. У мана шу касби билан мўмайгина даромад топаётган экан. Бу гапларнинг ҳақиқатга нечоғлик яқин эканини билиш мақсадида Аброрбекнинг устахонасига бориб, меҳнатига гувоҳ бўлдик.

— Аброрбек бу ҳунарнинг ўзига яраша машаққатлари бор экан, мактабдаги ўқишларингизга халақит қилмайдими?

— Дадам ва ойим ёшлигимиздан вақтни тақсимлашга ўргатишган. Дадам ҳар куни кечқурун ётишдан олдин битта дафтарга эртанги қиладиган ишларининг режасини ёзиб чиқади. Эртасига ўша режадаги ишларнинг қанчасини бажарган бўлса, "пилюс", улгурмаганларига эса "минус" қўяди. "Ҳар бир одамнинг ўз режаси бўлиши керак, шунда кўп нарсага эришади", деб ўргатган. Мен учун энг муҳим нарса ўқиш, кейин иш, ундан кейин спорт билан шуғулланиш. Ҳар куни кечқурун оғир меҳнатдан сўнг сузишга бораман. Китоб ўқишгаям вақт топаман.

— Бу ҳунарни ўрганишдан олдин товуқ, мол-қўй боқиш билан шуғулланган экансизлар? Нега фермерликни давом эттирмадингизлар?

— Мол-қўй, товуқ боқиб кўрганмиз, лекин ем-хашак қимматлашиб, мол-қўйлардан, товуқдан фойда ололмай қолдик. Дадам шу ҳунарни ўрганди. Кўп ўтмай, мен ҳам уларнинг ёнига кирдим. Икки йилдан бери устахонани ўзим юритяпман.

— Бизнесда харажатсиз даромад топиб бўлмайди. Битта ваннага қанча сарфланади?

— Мисол учун бўйи 1.65 сантиметр, эни 1 метрли ванналарга 700-750 минг сўм миқдорида харажат қилинади. Мен бу ваннани бозорда улгуржи нархга 1 миллион сўмга ўтказаман. Битта ваннадан 250 минг сўм соф фойда қолади. Буюртмага қараб тайёрлайверамиз.

— Устахонада нафас олиш жуда қийин экан. Бўёқлар ҳиди ўткир, соғлиғингизга зарар етишидан қўрқмайсизми?

— Тўғри, бўёқларнинг ҳиди жуда ўткир бўлади. Оч қоринга ярим соат ишласангиз, мазангиз қочиб қолиши мумкин. Шунинг учун мен ҳам, ишчиларимиз ҳам ҳар доим қорнимизни тўқлаб, кейин иш бошлаймиз. Махсус ниқобларимиз бор, ўшаларни ҳам тақиб оламиз.

— Сир бўлмаса, бир ойда қанча даромад топасизлар?

— Бир ойда 2 минг АҚШ доллари миқдорида даромад топаман. Буюртмалар кўпайса, ундан ҳам кўпроқ топишим мумкин. Насибага ярашада. Топган даромадимни дадамга бераман, рўзғорга ишлатади, бизнесимизни яна кенгайтириш ниятимиз бор, шунга ҳаракат қиляпмиз.

— Сиз тайёрлаган ванналарнинг яроқлилик муддати неча йил?

— Бир йилга кафолат берамиз. Аммо бу бир йилдан кейин сифати бузилади, дегани эмас. Баъзи бир мижозлар сифатига ишонмаса, ўзимиз устига чиқиб сакраб, яроқлилигини исботлаб берамиз. Мен ясаган ванналар бемалол 300 килограммгача оғирликни кўтаради. 

— Режаларингиз?

— Ванна ясаш учун мўлжалланган маҳсулотлардан кўп нарса тайёрлаш мумкин. Битта ванна билан чегараланиб қолмасдан болалар боғчаси, хиёбонлар учун махсус ўйин қурилмалари тайёрлаш ниятим бор.

Аброрбекнинг иш жараёни лавҳаси қуйидаги видеоҳаволада...

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/_8WnH-8ZyvU" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>



Нигора Раҳмонова, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА