АОКАда ўтказилган брифингда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги бошқарма бошлиғи Илёс Жумаев маълум қилишича, Республикамизда фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат балансида жами 2 537 та фойдали қазилмалар конлари ҳисобга олинган.
Шундан 1 855 таси – қурилиш материаллари, 296 таси – углеводородлар, 128 таси – тоғ-кон хомашёси, 92 таси – қимматбаҳо металлар, 61 таси – тоғ-кимё хомашёси, 41 таси – радиоактив металлар, 31 та – рангли тошлар, 20 таси – рангли ва камёб металлар, 8 таси – кўмир ҳамда ёнувчи сланецлар, 5 таси қора металл конларидан иборат.
Бугунги кунда 101 та олтин ва 3 та кумуш кони ҳисобга олинган бўлиб, ушбу конларнинг асосий қисми Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари хомашё базаси сифатида берилган.
10 та мис кони ҳисобга олинган бўлиб, унинг асосий захиралари Тошкент вилоятидаги Олий Зиё, Саричеку, Қизата конларига тўғри келади.

Жиззах, Навоий ва Самарқанд вилоятларида 9 та кон бўйича вольфрам захиралари ҳисобга олинган ҳамда уларнинг баъзилари ўз вақтида ўзлаштирилган.
43 турдаги норуда фойдали қазилмаларнинг 2 085 та ортиқ конлари аниқланган, ҳозирда уларнинг 86 фоизидан кўпроғи саноатда ўзлаштирилган.
Бунда, асосан кичик ва ўрта бизнес вакиллари жалб этилган бўлиб, цемент, шиша, ҳар хил қурилиш материаллари, минерал ўғитлар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Бу йўналиш “Ўзқурилишматериаллари” уюшмаси ва маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда мувофиқлаштирилиб, ҳудудларда ривожланишни таъминлашга, жойларда саноат маҳсулотлари номенклатурасини кўпайтиришга, турдош соҳаларни қўллаб қувватлашга ва тайёр маҳсулот танннархини камайтиришга хизмат қилмоқда. Шу сабабли, бугунги кунда 328 тадан ортиқ ер қаъри участкаларида тадбиркорлик субъектлари томонидан янги конларни аниқлаш учун геология-қидирув ишлари олиб борилмоқда.
Ш. Маматуропова, ЎзА