Президентимизнинг жорий йил 24 майдаги «Аҳолининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг 4-в кичик бандига асосан 2023 йил 1 январдан бошлаб юридик шахс ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи истеъмолчилар томонидан ҳудудий сув таъминоти корхоналарига масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатилиши белгилаб қўйилган.
Мазкур қарор билан тадбиркорларга енгиллик яратиш мақсадида сув ҳисоблагичларини ўрнатганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача солиқ имтиёзлари берилади.
Бундан ташқари, 2024 йил 1 январдан бошлаб масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичларни ўрнатмаган юридик шахс ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи истеъмолчиларга ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари учун сувни ҳисобга олиш ускунаси билан таъминланмаган истеъмолчилар сифатида ҳисоб-китоб амалга оширилади.
Бугун АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов маълум қилишича, мазкур қарорнинг 5-банди ижроси доирасида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, «Ўзсувтаъминот» АЖ ва Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда совуқ ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарининг турларига нисбатан (Dn-15 дан Dn-25 гача ва Dn-32 дан Dn-1500 гача) техник талаблар ишлаб чиқилгани ва тасдиқланган.
Яна бир маълумот, техник талаблар «Ўзсувтаъминот» АЖ веб-сайтининг (www.uzsuv.uz) «Норматив ҳужжатлар» бўлимига жойлаштирилган.
2023 йилдан бошлаб хорижий ҳамда маҳаллий сув ҳисоблагич ишлаб чиқарувчилар ушбу техник талаблар асосида сув ҳисоблагич ускуналарини таклиф этишлари мумкин бўлади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА