Молия вазирлигининг берган маълумотига кўра, ўтган йилда Давлат бюджети даромадлари таркибида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 18 триллион 917,7 миллиард сўмни ёки жами тушумнинг 11,5 фоизини ташкил қилган.
Давлат бюджети параметрига нисбатан бу 13 фоизни ташкил қилган. Иш берувчилар тўлов манбаида ушлаб қоладиган даромад солиғи 17,5 триллион сўмни ташкил этган.
Давлат бюджетига ундириладиган йиғимлар бўйича 2 068,8 миллиард сўм келиб тушган.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2021 йил декабрь ойида жисмоний шахслардан даромад солиғи тўловчилар сони 4 миллион 761 минг 211 тани ташкил қилган. Иш ҳақи даражасининг динамикасига кўра, иш ҳақи миқдори 1 миллион сўмгача бўлган тўловчилар жами тўловчиларнинг 33 фоизини ташкил қилади.
Шунингдек, иш ҳақи миқдори 1 миллион сўмдан 2 миллион сўмгача бўлган тўловчилар жами тўловчиларнинг 23 фоизни ташкил қилмоқда.
Яна бир маълумот. Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясига асосан, 2019 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларнинг иш ҳақидан олинадиган 8 фоизли суғурта бадали бекор қилинди ҳамда солиқ ставкаси 22,5 фоизгача бўлган 4 поғонали даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз этиб белгиланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2020 йилнинг 1 июлдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар фаолият (ишлар, хизматлар) турлари сони 24 тадан 67 тага кўпайтирилди. Мазкур касб эгалари даромад солиғидан озод қилинган.
Бундан ташқари, ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, БҲМнинг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади, ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА