Президентимизнинг жорий йил 14 январдаги «2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларида ҳудудий экспорт штаблари ташкил этилади. 2021 йил 1 февралдан Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан экспортчи ташкилотларга экспортолди молиялаштириш ажратилади.
2021 йилда экспортчи ташкилотларга хомашё сотиб олиш ва экспортга йўналтириладиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун 100 миллион АҚШ доллари ажратилиши назарда тутилган.
Шунингдек, 2021 йил 1 апрелдан маҳаллий экспортчи корхоналарнинг савдо уйларини очиш ва сақлаш, офис, савдо ва омбор биноларини ижарага олиш, реклама компанияларини ташкил қилиш билан боғлиқ чет элдаги харажатларининг 50 фоизи Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Қарорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига мева-сабзавот ва саноат маҳсулотларининг экспортчи ташкилотларини ишлаб чиқариш омиллари ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлашда кўмаклашиш вазифаси юклатилган.
ЎзА