English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон жаҳон тўқимачилик бозорининг марказига айланади
10:23 / 2022-10-27

Ўзбек пахтасига қўйилган чекловлар олиб ташлангач, нафақат жаҳон бозорига кенг йўл очилди, балки пахта-тўқимачилик саноатимизнинг инвестициявий жозибадорлиги ортмоқда. Айниқса, АҚШ компаниялари ушбу соҳада савдо-сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлашга интиляпти. Шубҳасиз, бунда АҚШ Меҳнат вазирлиги томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пахта ва ундан тайёрланган маҳсулотларни олиб киришга қўйилган расмий чекловлар бекор қилингани муҳим омил бўлаётир.

Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмасида АҚШ қишлоқ хўжалиги департаменти (USDA) Бош консуллиги делегацияси билан бўлиб ўтган учрашувда бу яна бир карра эътироф этилди.  

Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан иқтисодиёт тармоқлари либераллаштирилгани, қишлоқ хўжалиги тубдан ислоҳ қилингани, энг асосийси, соҳада маҳсулот етиштириш ва қайта ишлашнинг кластер усулига ўтилгани муваффақиятларга кенг йўл очаётир. Натижада ўтган қисқа давр ичида мамлакатда етиштирилаётган пахта хом ашёсини тўлиқ қайта ишлашга эришилди.  

Хорижлик меҳмонлар эътироф этишича, Ўзбекистон саноатчилари таклиф этаётган тайёр тикув-тўқимачилик маҳсулотларининг сифати юқори. Шу боис ташқи бозорда тобора рақобатдош бўлиб боряпти. Бу ўз навбатида, маҳсулотларга бўлган талабни оширади. Шу маънода, улар мамлакатимиз экспорт салоҳияти билан қизиқди.  

– Ўзбекистон 50 миллиард долларлик пахта-тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилиш салоҳиятига эга, – деди Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси, сенатор Муртазо Раҳматов. – Келинг, сизга ҳисоб-китоб қилиб берман. Жаноб меҳмон, эгнингиздаги оқ кўйлакни ишлаб чиқариш учун қанча тола ишлатилган, деб ўйлайсиз? 85 грамм. Борингки, 100 грамм ҳам дейлик. Шу ҳисобда 1 килограмм пахта толасидан тўқилган матодан 10 та кўйлак  тикиш мумкин. Унинг ҳар бири 5 доллардан экспорт қилинган тақдирда 50 доллар бўлади. Мана, сизга қисқача арифметика! Ваҳоланки, бундай либоснинг ташқи бозордаги баҳоси анча баланд.  

Бу йил уюшма тимиздаги 134 та пахта-тўқимачилик кластери томонидан 3,5 миллион тонна пахта етиштирилиши кутиляпти. Ундан олинган 1,1 миллион тонна толанинг 50 фоизи кластерларнинг ўзларида қайта ишланади. Чунки бугунги кунда кластерларда толани беш босқичли қайта ишлашнинг уч босқичи йўлга қўйилган, 2026 йилда эса тўлиқ саноат занжири яратилади. Бу Ўзбекистонни жаҳон тўқимачилик бозорининг марказига айланишига хизмат қилади, албатта.    

– Ўзбекистонга менинг илк ташриф буюришим, – деди АҚШ қишлоқ хўжалиги департаменти (USDA) Бош консуллигининг қишлоқ хўжалиги маркетинги бўйича етакчи мутахассиси Чағлар Эрдуғон. – Келиб, чиндан ҳам, юртингиз пахта-тўқимачилик соҳасида юқори салоҳиятга эга эканлигига гувоҳ бўлдим. Ушбу сафаримиздан кўзланган мақсад эса кластерлар фаолияти билан яқиндан танишиб, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдир.  Ўйлайманки, ташрифимиз давомида бу борада дастлабки келишувларга эришамиз.  

Меҳмонларга пахта етиштиришда тежамкор усулларни қўллаш, замонавий ва интенсив агротехнологияларни татбиқ қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.    

 ЎзА