Дунё миқёсидаги рақобат тобора интеллектуал ва технологик салоҳиятга таянган бир даврда Ўзбекистон ёшлари халқаро инновацион жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланиб бормоқда. Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилаётган 8 - “Take Off” стартап саммитида Ўзбекистон делегациясининг доимий ва фаол қатнашуви бунинг яққол далилидир.
Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев бошчилигидаги Ўзбекистон ёшлар делегацияси иштирок этаётган мазкур нуфузли тадбир мамлакатимиз ёшлари учун янги истиқбол ва халқаро ҳамкорлик эшикларини очади.

Бу саммитда сунъий интеллект, финтеч, барқарор ривожланиш каби стратегик йўналишларда муҳокамалар ўтказилиши ёшлар учун энг замонавий билим ва тажрибалар билан танишиш имконини яратади.
Ўзбекистон делегацияси ташриф доирасида хорижлик ҳамкорлар билан истиқболли алоқаларни йўлга қўйиш, ёшлар манфаатига хизмат қилувчи муҳим келишувларни имзолаши кутилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2026 йилда ушбу нуфузли “Take Off” стартап саммити Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон ёшларининг “Take Off 2025” стартап саммитидаги иштироки ва 2026 йилда тадбирнинг Самарқандда ўтказилиши мамлакатнинг технологик ривожланиш стратегиясида муҳим ўрин тутади. Бу нафақат ёшлар салоҳиятини ошириш, балки Ўзбекистоннинг халқаро инновацион жараёнларга ёндашуви учун муҳим қадам.
Ёшлар учун яратилаётган бундай имкониятлар мамлакат келажаги асосларидан бўлиб, улар орқали янги технологиялар, стартаплар ва илмий изланишлар ривожланади, халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланади. Ўзбекистон ёшлари халқаро майдонда ўз ўрнини тобора мустаҳкамлаб бормоқда. Бу эса келажак ривожининг энг ишончли гарови.

ЎзА