Давлатимиз раҳбари куни кеча Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ёшлари форумига ташриф буюриб, мамлакатимизда биринчи бор ўтказилаётган ушбу анжуман билан барчани табриклади.
Президентимиз мазкур тадбирда иштирок этиш билан бир қаторда, ёшлар билан қизғин мулоқотлар қилиб, уларнинг янги ташаббус ва таклифларини қўллаб-қувватлади.
Мазкур учрашувда шахсан ўзим ҳам иштирок этар эканман, Президентимиз нутқларининг илк сўзидаёқ “Сизларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида қадрлайман”, – дея ишонч билдирганликлари барча тенгдошларим сингари менга ғурур билан бир қаторда, улкан масъулият ҳам юклади.
Давлатимиз раҳбари томонидан “Ёшлар: “1+1” дастури доирасида ишсиз ва уюшмаган ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитишни ҳамда “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшни бириктириш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, ёшларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилади ва унга 100 миллион доллар маблағ ажратилади. Жамғарма ёшларнинг лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун қулай шартларда ва паст фоизларда молиялаштирилади. Бундан ташқари, кичик саноат зоналарида ишлаб чиқариш бинолари қурилиб, ёшларга имтиёзли шартларда ижара ва лизинг асосида берилади.
Ундан ташқари касб-ҳунар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш орқали махсус сертификат олган ёшларга Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз паст ставкада микрокредитлар ажратиш юзасидан зарур чоралар кўрилади. Бу кредитлар 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан берилади.
Ушбу мақсадлар учун 2021 йилда 45 миллион доллар ажратилиши, шунингдек, ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ҳар бир вилоятга 100 миллиард сўмдан кредит маблағлари йўналтирилиши қайд этилди.
Дарҳақиқат, биз ёшлар ўз тадбиркорлик фаолиятимизни йўлга қўйишда албатта, мамлакатимизда яратиб берилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда олиб бормоқдамиз. Шундай имкониятлардан бири “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг ташкил этилиши ҳам ёшларимизга тадбиркорлик борасида катта имкониятлардан бири бўлди. Қувонарлиси ва муҳим жиҳати шундаки, бу йўналишда олиб борилган ишлар ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш билан бирга, уларни иш билан банд қилганлиги билан амалда ўз натижасини берди.
Давлат дастурининг биргина Навоий вилоятидаги ижроси ҳақида гапирганда 2018-2020 йиллар мобайнида тасдиқланган манзилли рўйхат асосида вилоят бўйича 400 нафар ёшларнинг лойиҳалари молиялаштирилди ҳамда 2000 нафардан ортиқ ёшларнинг бандлигини таъминлашга эришилди.
Ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ёшларга “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси тадбиркорлик сирлари, мазкур соҳага оид билимларини ошириш, бизнес лойиҳа ишлаб чиқиш йўлларини ўргатишда ўз кўмагини бериб келмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз керакки, бугун янгиланаётган Ўзбекистонда ёшларимиз ҳар соҳада мукаммал, мустақил фикрга эга бўлишлари учун уларга барча шарт-шароитларни яратиш мақсадида мамлакатимизда замон талабларига жавоб берадиган иншоотлар барпо этилмоқда. Хусусан, Давлат дастури доирасида ҳам Навоий вилоятида ёш тадбиркорлар учун 2 та “Yosh tadbirkorlar” Coworking марказлари ва 37 та “Yoshlar mehnat guzarlari” қурилди. Бунинг натижасида эса 274 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди.
Қувонарлиси Давлат дастурининг ижроси бугунги кунда вилоятнинг энг олис ва чўл ҳудудларига ҳам етиб борди. Муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил март ойида Навоий вилоятига ташрифи давомида берган топшириқларига асосан, ёшларнинг илғор ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида “Yoshlar - kelajagimiz” жамғармаси маблағлари ҳисобидан Навоий шаҳрида замонавий Coworking маркази ҳамда Нурота ва Томди туманларида “Yoshlar mehnat guzarlari” савдо комплекси фаолияти йўлга қўйилди. Бунинг натижасида ҳам 40 нафарга яқин ёшларимиз иш билан таъминланди.
Шунингдек, Президент “Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, сизларга айтадиган маслаҳатим шу: илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг! Сизлар мустақиллик фарзандларисиз. Ота-боболарингиз кўрган тўсиқ ва қийинчиликларни кўрмай, озод Ватанда эркин нафас олиб, вояга етяпсизлар. Юксак мақсадлар йўлида сиз – ёшлар ҳал қилувчи куч бўлишингиз керак. Мен сизларнинг зиммангизга юкланган ана шундай улкан масъулиятни, том маънодаги тарихий вазифани шараф билан адо этишингизга қатъий ишонаман, – дея биз ёшларга катта ишонч билдирдилар.
Бугун шуни ишонч билан айта олманки биз ёшлар ҳам Муҳтарам Президентимиз томонидан билдирилган ушбу юксак ишончни албатта оқлаймиз ва Юртбошимизга камарбаста бўламиз.
Шоҳрўх Шаропов,
Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси,
халқ депутатлари Навоий шаҳар кенгаши депутати