Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021» хориждаги ёшларимизни ҳам қамраб олди
14:33 / 2021-12-20

Маълумки, «Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021» нафақат Ўзбекистон, балки хориждаги ёшларимизни ҳам қамраб олишни мақсад қилган катта миқёсдаги форум ҳисобланади.

Жорий йил давомида эришилган натижалар сарҳисоби ва истиқболдаги режаларни белгилаш ҳамда Янги Ўзбекистон стратегиясини ҳаётга татбиқ этишда ёшларнинг фаоллигини ошириш мақсадида ташкил этилган форумда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси билан ҳамкорликда хорижий давлатлар, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Туркия, Жанубий Корея, Россия ва Германияда «Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021» доирасида бир қатор тадбир ва фестиваллар ўтказилмоқда.  

– Форум доирасида Жанубий Кореянинг Сеул, Туркиянинг Истанбул, Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида ушбу мамлакатларда таҳсил олаётган ҳамда фаолият юритаётган ёшлар иштирокида учрашувлар ташкиллаштирилди, – деди Ёшлар ишлари агентлиги масъул ходими Сирожиддин Тоҳиржонов. – Сеул шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда магистратура ва докторантура босқичларида таҳсил олаётган ёш тадқиқотчилар илм-фан ҳамда технология соҳасида ўз илмий ишларининг тақдимотини ўтказди. Истанбул шаҳрида эса «Ўзбекистон ёшлари форуми – Туркия ёшлар анжумани» мавзуида тадбир бўлиб ўтади.  

Шунингдек, Лондон шаҳрида ёш ватандошларимиз учун «Ўзбекистон ёшлари форуми – Буюк Британия» конференцияси ташкил этилди. Ундан турли мавзуларда музокаралар, давра суҳбатлари, мотивацион учрашувлар, викториналар, «Заковат» интеллектуал ўйини, «Мунозара» дебат беллашуви ва бошқа тадбирлар ўрин олди.  

Мазкур давлатлардаги тадбир қатнашчилари билан Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев иштирокида Zoom платформаси орқали онлайн конференциялар ўтказилмоқда.  

Мулоқот давомида юртдошларимиз томонидан билдирилган таклифлар «Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021» якунида қабул қилиниши кутилаётган Ҳукумат қарори лойиҳасига таклиф сифатида тақдим этилиши белгиланди.  

 

Гулноза Бобоева, ЎзА