Муносабат
Куни кеча юртимизда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилганлиги, ушбу анжуман Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш томонидан қўллаб-қувваттлангани мамалакатимизнинг халқаро нуфузини янада оширди.
Президентимиз анжумандаги нутқида Марказий ва Жанубий Осиё минтақасидаги мамлакатлар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, ҳудудда тинчлик, барқарорликни таъминлаш, минтақа муаммоларини биргаликда ҳал этиш, нафақат иқтисодий, балки илм-фан, маданий, умуман, барча йўналишлардаги алоқаларни кучайтириш юзасидан илгари сурилган таклиф, фикр ва мулоҳазалар турли таҳдидлар, глобал геосиёсий ўзгаришлар юз бераётган бугунги кунда ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.
Айни кунда қарийб икки миллиард нафар аҳоли яшайдиган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни янги босқичга кўтариш, ҳамкорликни кучайтириш ана шу минтақадаги барча давлатлар учун фақат ижобий самаралар беради.
Давлатимиз раҳбарининг анжумандаги: “Илмий ва маданий-гуманитар алмашувларни кенгайтириш дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашнинг муҳим шартларидан биридир.
Шу муносабат билан Ўзбекистонда, Термиз шаҳрида ЮНЕСКО шафелигида “Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий мероси” мавзусида халқаро форум ўтказишни таклиф этамиз.
Мамлакатларимиз аҳолисининг катта қисмини ташкил этадиган ёшларни жалб этган ҳолда, таълим ва илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида қўшма дастурларни амалга ошириш устувор аҳамият касб этмоқда.
Ёшлар – бизнинг бебаҳо бойлигимиз эканини барчамиз яхши англаймиз.
Мамлакатларимиз ва халқларимизнинг тақдири ва келажаги – айнан ёш авлоднинг қандай таълим-тарбия олиши, улар учун қандай шарт-шароит ва “социал лифт”ларни яратиб беришимизга бевосита боғлиқ.
Ёшлар масаласида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида доимий фаолият юритадиган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ёшлари кенгашини тузишни таклиф қиламан” деган сўзларини эшитиб, очиғи, нафақат мени, балки кўплаб Ўзбекистон ёшларининг қалби фахр-ифтихор туйғуси билан тўлди, десам асло муболаға бўлмайди.
Чунки, юртбошимиз халқаро анжуман минбарида туриб ҳам ёшларга эътибор, ёшларга кенг имкониятлар яратиб бериш, уларнинг кучини бирлаштириш таклифларини илгари сурганлиги ёшларга бўлган ишонч ва эътиборининг ёрқин ифодаси бўлди.
Ишонаманки, мамлакатимизнинг бугунги ёшлари ана шу эътибор ва ишончга муносиб бўлиш, юрт равнақи йўлида фидойи, шу билан бирга, халқаро миқёсдаги турли масалаларни ҳал этишда ҳам албатта, фаол, ташаббускор бўла олади.
Акмалжон Эрматов,
Андижон машинасозлик институти проректори.
ЎзА