Шу кунларда мамлакатимиз пойтахти – Тошкент шаҳри том маънода Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари вакилларининг муҳим қарорлар қабул қилиш ва ҳамкорлик истиқболларини белгилаш бўйича сиёсий мулоқот марказига айлангандек гўё.
Зеро, Ўзбекистон яна бир бор йирик халқаро тадбирга, яъни "Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияга мезбонлик қилмоқда.
Юқоридаги фикримиз, давлатимиз раҳбарининг махсус нутқида, шунингдек, халқаро конференция муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар, унинг доирасидаги учрашув ва мулоқотларда яна бир карра ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Марказий Осиё 100 миллион аҳоли яшайдиган, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон давлатлари жойлашган йирик геосиёсий макон. Жанубий Осиё минтақаси эса Афғонистон, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Бутан, Мальдив, Шри-Ланка каби мамлакатларни ўз ичига олган, дунё аҳолисининг тўртдан бир қисми истиқомат қиладиган йирик ҳудуд. Бу икки макон ўртасидаги ўзаро мулоқот ва Афғонистондаги вазият юзасидан янада чигаллашган ҳолат кун тартибидаги масалаларни янада долзарб эканлигини билдиради.
Гарчи, мазкур анжуман аввалдан режаланиб, бу ҳақида 2020 йилнинг 29 декабрь куни давлатимиз раҳбари Парламентга йўллаган ўз Мурожаатномасида билдирган эди. Дарҳақиқат, минтақалараро, давлатлараро савдо-иқтисодий, маданий-ижтимоий алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантириш кўп жиҳатдан тинчлик ва хавфсизлик масаласига боғлиқдир. Ана шу маънода анжуман ишида дастлаб мезбон давлат раҳбари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда нутқ сўзлаши улкан тарихий аҳамиятга эга бўлди.
Биринчидан, ушбу кенг қамровли нутқ бутун анжуман ишига умумий ёндашувни белгилаш баробарида, унинг аҳамияти нечоғли юқори эканлигини, бу маконда яшовчи халқлар азалдан бир бири билан узвий боғлиқ бўлганини англатади.
Иккинчидан, нутқда кўтарилган масалалар, ёндашувлар конференция иши мазмунининг ўқ томири – асосий векторини белгилаб беради десак муболаға бўлмайди. Кўтарилган масалалар бўйича юзма-юз мулоқотлар, масалаларнинг ечимига бевосита ижобий таъсирини кўрсатади. Бунинг учун Тошкент саммити руҳи, Ўзбекистоннинг бундай учрашувлар шарт-шароит яратиш учун етарли тажрибага эгалиги азалдан маълум.
Учинчидан, энг асосийси давлатимиз раҳбари мавжуд вазиятни чуқур таҳлил қилган ҳолда қатор таклифларни илгари сурдики, булар албатта икки йирик минтақа Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзига хос кўприк ҳудуд – Афғонистон билан боғлиқдир.
Тўртинчидан, Ўзбекистон Президенти ҳақиқатан ҳам, дунёда энг қимматли, азиз ва бебаҳо неъмат, бу – тинчлик неъмати эканлигини, бунинг учун Ўзбекистон барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириши ва бу борадаги тадбирлар учун мамлакат эшиги ҳамиша очиқ эканлигини дунёга билдирди. Сабаби, Ўзбекистонда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда, кўп миллатли бағрикенг халқимиз хотиржам турмуш кечирмоқда. Биз учун тинчлик-осойишталикнинг қадри алоҳида қадрланади. Донишманд ота-боболаримиз юрти тинчнинг ўзи тинч, деб бежиз айтмаган. Тинчлик-осойишталик ҳукм сурган жойда, юксалиш ва тараққиёт бўлади, юрт гуллаб-яшнайди, фуқароларнинг турмуши фаровонлашади.
Бешинчидан, президентимиз “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” халқаро конференциясининг иштирокчиларини самимий қутлаш баробарида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш жанобларига форумни қўллаб-қувватлаганлари учун алоҳида миннатдорчилик билдирди. Бунинг замирида мамлакатимизнинг ташаббуслари ва ҳаракатлари дунё миқёсида эътироф ва эътиборда эканлигини билдиради.
Президентимиз таъкидлаганидек, “Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Марказий ва Жанубий Осиё узоқ асрлар давомида халқлар ва цивилизациялар ўртасида фаол мулоқотга хизмат қилди. Икки минтақанинг ўзаро яқин ҳамкорлиги натижасида янги билим ва фалсафий қарашлар, тиббиёт ва астрономия, жуғрофия ва математика, геодезия ва меъморчилик, дипломатия санъати ва давлат бошқаруви соҳасидаги ютуқлар, юксак маданий ва маънавий-маърифий қадриятлар кенг ёйилди”. Бир сўз билан айтганда ушбу ҳамкорлик чуқур маънавий ва маърифий илдизга таянишини билдиради.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари “ўзаро боғлиқлик, ҳамкорлик, мулоқот ва энг асосийси, ишонч изчил ва барқарор ривожланиш, минтақаларимиз аҳолисининг турмуш даражаси ҳамда фаровонлигини оширишнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланишига аминмиз. Бундай ёндашув – давр талабидир” деб алоҳида таъкидладилар.
Дарҳақиқат, юртимизнинг қўшни мамлакатлар билан тинчлик ва дўстлик, ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаши, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириши, конструктив сиёсати Марказий ва Жанубий Осиё давлатларнинг умумий манфаатларига мос келади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, минтақамизнинг узоқ муддатли истиқболи, келгуси ривожланишининг асосий драйвери бўлиб хизмат қиладиган барқарор савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация алоқаларини шакллантириш, иқтисодиётни рақамлаштириш, электрон савдони ривожлантириш ва инновацияларни кенг жорий этиш нафақат иштирокчи мамлакатлар учун, балки Афғонистонда ҳам барқарорликнинг таъминланишига хизмат қилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев анжумандаги нутқида хавфсизлик ва барқарорлик – минтақаларимизнинг изчил ривожланиши ва ўзаро алоқаларимиз мустаҳкамланишининг асосий шарти эканлигини, бизнинг хавфсизлигимиз бўлинмасдир ва уни фақат конструктив мулоқот ҳамда биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз орқали таъминлаш мумкинлигини алоҳида қайд этди.
Мухтасар қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар ва ислоҳотлар нафақат ички сиёсатимизда, балки ташқи сиёсатимизда ҳам ёрқин самара бермоқда. Бу каби халқаро анжуманлар минтақанинг тарихий ва цивилизациявий муштараклиги, халқлар ва мамлакатлар умумий манфаатлари биргаликда фаровон келажакни бунёд этиши учун мустаҳкам замин яратади. Ҳамкорликни мустаҳкамламасдан туриб, бугунги кунда давлатлар дуч келаётган хавф-хатар ва таҳдидларни енгиб бўлмаслигини англаймиз.
Анжуманнинг нуфузи, аҳамияти ва унда кўтарилган масалалар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, қўйилган вазифалар ижросини таъминлашда камарбаста бўлиш ҳар бир фаол фуқаронинг бурчидир.
Ойбек ТУРҒУНОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Жамоат хавфсизлиги университети факультет
бошлиғи, юридик фанлари доктори, профессор.
ЎзА