English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Яқин Шарқда тинчлик йўлидаги янги халқаро ташаббус марказида
18:38 / 2026-01-20

Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро майдонда тинчлик, барқарорлик ва мулоқот тамойилларини илгари суриб келаётган фаол давлат сифатида эътироф этилмоқда. Мамлакатимизнинг изчил ва конструктив ташқи сиёсати минтақавий ҳамда глобал муаммоларга нисбатан мувозанатли ёндашуви билан ажралиб туради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампдан Яқин Шарқда тинчликни мустаҳкамлаш ва можароларни ҳал этишга қаратилган халқаро ташаббусга қўшилиш бўйича расмий таклиф келиб тушгани ҳам айни сиёсатнинг яна бир яққол ифодасидир.

ЎзА мухбири “Дунёга назар” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси доценти, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Нуриддин Қалқоновнинг мазкур муҳим воқеликнинг аҳамияти хусусидаги фикрлари билан қизиқди.

Ташаббуснинг мақсади

– 2025 йил 29 сентябрь куни эълон қилинган мазкур лойиҳа жаҳоннинг қатор етакчи давлатлари томонидан қўллаб-қувватланган. Ғазо минтақасидаги можарони тугатишга қаратилган яхлит режа ташаббуснинг ҳуқуқий ва сиёсий асосидир. 2025 йил 17 ноябрда Бирлашган Милатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг 2803-сонли резолюцияси билан маъқуллангани ушбу ҳужжатнинг халқаро даражада легитимлигини тасдиқлаб, долзарблигини янада оширади.

Ташаббус доирасида Яқин Шарқда узоқ муддатли тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш учун масъулиятни зиммасига олишга тайёр давлатларни бирлаштирувчи халқаро тузилма – Тинчлик кенгашини тузиш кўзда тутилган. Бу кенгаш можарони ҳарбий йўл билан эмас, балки сиёсий мулоқот, дипломатик келишув ва ўзаро ишонч асосида ҳал этишга қаратилган самарали платформа сифатида шакллантирилмоқда.

Нега Ўзбекистон Президенти таклиф этилди?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ташаббусга таклиф этилиши тасодифий эмас. Охирги йилларда мамлакатимиз ташқи сиёсатида бетарафлик, ўзаро ҳурмат, давлатларнинг суверенитети ва ички ишларига аралашмаслик тамойилларига қатъий амал қилинмоқда. Юртимиз халқаро низоларга нисбатан холис, мувозанатли позицияни эгаллаб, зиддиятларни доим тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори эканини амалда намоён этди.

Мамлакатимизнинг Афғонистон, шунингдек Марказий Осиё ва бошқа минтақаларда тинчлик, барқарорликни таъминлашга қаратилган ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан ижобий баҳоланмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатларреспубликамиз халқаро миқёсда ишончли ҳамкор, конструктив мулоқот тарафдори бўлган тинчликпарвар давлат сифатида мустаҳкам обрў-эътибор қозонишига замин яратди.

Тинчлик кенгашининг вазифалари

Тинчлик кенгаши қуйидаги устувор вазифаларни бажариши кўзда тутилмоқда:

  • Яқин Шарқдаги қуролли можароларни босқичма-босқич бартараф этишга кўмаклашиш;
  • Сиёсий музокаралар учун халқаро платформа яратиш;
  • Гуманитар инқирозларни бартараф этишда мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар амалга ошириш;
  • Минтақада ишончни мустаҳкамлаш ва низолар қайта авж олишининг олдини олиш;
  • Халқаро ҳуқуқ ва БМТ резолюцияларига таянган ҳолда тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш.

Ушбу вазифалар Тинчлик кенгашини шунчаки маслаҳат органи эмас, балки аниқ амалий натижаларга қаратилган таъсирчан халқаро тузилма сифатида шакллантиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон иштирокининг аҳамияти

Ўзбекистоннинг Тинчлик кенгашига таъсисчи давлат сифатида таклиф этилиши мамлакатимизнинг халқаро нуфузи ва сиёсий салмоғини янада оширади. Президент Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари етакчиси Дональд Трампга йўллаган жавоб мактубида Ўзбекистон ушбу кенгашга таъсисчи давлат сифатида қўшилишга тайёрлигини билдирди. Мазкур ташаббусни Яқин Шарқдаги кўп йиллик низоларни ҳал этиш, йирик минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолади. Бу қарор Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги очиқлик, тинчликпарварлик ва глобал масъулият тамойилларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Умуман, Тинчлик кенгашини тузиш ташаббуси ва Ўзбекистон жараёнда таъсисчи давлат сифатида иштирок этиши республикамизнинг халқаро муносабатлардаги нуфузини янги босқичга олиб чиқади. Бу нафақат Яқин Шарқда тинчликни таъминлашга қаратилган муҳим қадам, балки Янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида ишончли, масъулиятли ва тинчликпарвар ҳамкор сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.

Ўткир Алимов ёзиб олди.

ЎзА